Яман президенти Рашад ал-Алимий ҳусийчилар эгаллаб олган барча ҳудудларни қайтариш мақсадидаги ҳарбий амалиёт бошланганини эълон қилди.

Ал-Алимий сўзларига кўра, ҳукумат кучлари ўз юришини «мамлакат террорчи жангарилар ҳукмронлигидан озод бўлмагунча» давом эттиради.

Бир неча кун олдин Яманда «ҳусийчиларнинг кучайишига қарши туриш, фуқароларни ҳимоя қилиш, республика тизими ва конституциявий қонунийликни ҳимоя қилиш, шунингдек, давлат суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини таъминлаш» учун умумий сафарбарлик эълон қилинган эди. Reuters маълумотларига кўра, ҳусийларга қарши ҳужумда 100 мингдан ортиқ Яман ҳарбийлари иштирок этади.

Президент Рашад ал-Алимийнинг бу борадаги баёноти ҳусийчилар ҳамда Саудия Арабистони бошчилигидаги коалиция ўртасидаги зарбалар алмашинувидан кейин янгради – ҳусийчилар айни вақтда саудияликларнинг Қизил денгизни Ҳинд океани билан боғловчи Боб ал-Мандаб бўғози орқали нефт экспортига таҳдид солиб турибди.

Яман президенти Саудия Арабистонидан туриб жонли эфирда халққа мурожаат қилди

Эроннинг иттифоқчилари ҳисобланган ҳусийчилар Саудиянинг Aramco миллий нефт компанияси объектларига зарба берганини маълум қилди ва буни араб коалициясининг ярим кун ичида Яман бўйлаб йўллаган 50 дан ортиқ зарбаларига жавоб деб атади. Ар-Риёддагилар бу баёнотга муносабат билдирмаган.

AFP via Getty Images
3 октябр куни ҳусийчилар Aramco компаниясининг Саудия пойтахти Ар-Риёд шаҳридаги нефтни қайта ишлаш заводига ракета зарбаси йўллаган

Яманнинг тан олинган ҳукумати томонидан бундай жанговар баёноти кутилган ҳодиса эди: август охири ва сентябр ойи бошларида ҳусийчилар фаоллашиб, соҳилдаги янги ерларни эгаллаган, бу орқали бўғоз орқали ўтувчи муҳим йўлни назоратига олганди.

Рашад ал-Алимий якшанба куни телевидение орқали қилган мурожаатида шундай деди: «Бугун мен республиканинг қолган ҳудудларини озод қилиш ва давлат ҳамда унинг институтлари ҳокимиятини бутун мамлакат ҳудудига ёйиш бўйича ҳарбий амалиётлар бошланганини эълон қиламан».

Яман пойтахти, 2014 йил кузидан буён ҳусийчилар қўлида қолаётган Сано шаҳрига тўхтовсиз зарбалар берилмоқда – ҳукумат қўшинлари шу тариқа рақибнинг ҳарбий салоҳиятини заифлаштиришга уринмоқда.