Жаҳон | 15:08 / 20.11.2018
10269
2 дақиқада ўқилади

«Сан-Хуан» сув ости кемасининг ҳалокати сценарийси моделлаштирилди

Фото: Reuters

Аргентиналик мутахассислар «Сан-Хуан» сув ости кемасининг ҳалокатга учраши бўйича эҳтимолий сценарийни маълум қилишди, деб хабар бермоқда La Nacion Аргентина Мудофаа вазирлигидаги комиссия экспертлари ҳисоботининг хомаки вариантига таянган ҳолда.

Таъкидланишича, сув ости кемасидаги биринчи ёнғин кема ҳалокатидан бир кун олдин электр аккумуляторлари қисмида содир бўлган бўлиши мумкин - 2017 йил 14 ноябрда. Қайд этилишича, портлаш ва ёнғин вентиляция тизими орқали батареяларга сув тушгани сабабли юз бергани эҳтимолга яқин. Кейинчалик, мутахассисларнинг фикрича, сув ости кемаси сув юзасига чиққан ва экипаж ёмон об-ҳаво шароитида ҳамда тунги вақтда таъмирлаш ишларини олиб борган. Шундан кейин кема яна сув остига тушган.

Кейинчалик, «Сан-Хуан» бортида қисман ўчирилган ёнғин тикланган, у сув ости кемасида бошқарувнинг йўқолишига олиб келган, шу туфайли кема сув тубига туша бошлаган бўлиши мумкин. Таъкидланишича, буларнинг бари бир неча соат олдин ёнғин билан курашган жамоанинг руҳий ва жисмоний чарчаши фонида юз берган. Субмарина сув тубига бориб етгач, уни сув қатлами эзиб ташлаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Аргентинанинг чўкиб кетган сув ости кемаси суратлари эълон қилинганди.

Мавзуга оид