Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев 27 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикери Нуриддинжон Исмоилов билан учрашди.

Фото: akorda.kz

Оқўрда матбуот хизмати хабарига кўра, давлат раҳбари меҳмонни ташриф билан қутлар экан, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги муносабатларнинг ижобий динамикасини таъкидлаб ўтди.

«Бугунги муносабатларимиз яхши даражада. Биз Шавкат Мирзиёев билан йилига бир неча бор учрашмоқдамиз ва иқтисодий ҳамда сиёсий ҳамкорлик соҳасидаги барча долзарб масалаларни муҳокама қиляпмиз. Имзоланган ҳужжатлар ва эришилган келишувларни амалга оширишда икки давлат парламентлари муҳим роль ўйнайди», - деди у.

Ўз навбатида, Н.Исмоилов ўз навбатида Ўзбекистон президенти номидан салом етказди, шунингдек, икки мамлакат парламенти ўртасида бўлиб ўтган музокаралар натижалари ҳақида сўзлаб берди.

«Ҳақиқатдан ҳам, сўнгги вақтларда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги ҳамкорлик ривожланишнинг юксак даражасига чиқди. Бу, биринчи навбатда, Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳамкорлигида янги давр очиб берган, икки давлат президентлари ўртасидаги илиқ ҳамда дўстона муносабатлар туфайли юз бермоқда», - деди спикер.

Шунингдек, Қонунчилик палатаси хабар қилишича, Нуриддинжон Исмоилов бошчилигидаги делегация Қозоғистонга расмий ташриф доирасида 27 ноябрь куни Остона шаҳрида Қозоғистон Республикаси парламенти юқори палатасида ҳам бўлиб, Сенат раиси Касим-Жомарт Токаев билан мулоқот ўтказдилар.

Фото: parliament.gov.uz

Учрашув давомида таъкидланганидек, давлатлар раҳбарларининг ўзаро биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли Ўзбекистон–Қозоғистон муносабатлари кейинги йилларда янада изчиллик билан ривожланиб бормоқда.  

- Бутун Марказий Осиёдаги иқтисодий ривожланиш, барқарорлик ва хавфсизлик мамлакатларимизнинг фаол ҳамкорлиги ҳамда Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг жаҳон аренасидаги биргаликдаги саъй-ҳаракатига боғлиқ, - дейди Қозоғистон Республикаси парламенти Сенати раиси Касим-Жомарт Токаев.