Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев мамлакатнинг 2030 йилгача мўлжалланган Ташқи сиёсат концепциясига ўзгартиришлар киритди. Ҳужжатдан Нурсултон Назарбоевнинг ички ва ташқи сиёсат, шунингдек, давлат хавфсизлиги масалалари бўйича ташаббуслар билан халққа мурожаат қилишдек умрбод ҳуқуқини белгиловчи банд чиқариб ташланди.
Бундай ҳуқуқ Назарбоевга «тарихий миссияси туфайли» давлатнинг биринчи раҳбари сифатида берилган эди. Бундан ташқари, ҳужжатнинг 7-боби 1-бандида кўрсатилганидек, таклиф этилган ташаббуслар тегишли давлат органлари ва мансабдор шахслар томонидан мажбурий тартибда кўриб чиқилиши лозим эди.
Нурсултон Назарбоев 1991 йилдан 2019 йилгача Қозоғистон президенти лавозимида фаолият юритган. Лавозимдан кетганидан сўнг, у ўзида миллат етакчиси (Элбоши) унвонини сақлаб қолган эди, бу эса унга умрбод имтиёзларни таъминлаган: масалан, ушбу лавозимда ва ундан кейин биринчи президент мақомида содир этган хатти-ҳаракатлари учун жавобгарликка тортилиши мумкин эмас эди.
Қозоғистон Конституциявий суди 2023 йил бошида, январь ойидаги оммавий тартибсизликлардан кейин «Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти — Элбоши тўғрисида»ги қонунни бекор қилди. Кейинчалик Назарбоев ва унинг яқин қариндошлари кўплаб имтиёзлардан маҳрум этилди.









