Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳузуридаги Гидрометеорология хизмати марказининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Ҳужжат билан қуйидагилар:
2019-2022 йилларда Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳузуридаги Гидрометеорология хизмати марказининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва кузатув пунктларини жиҳозлаш дастури;
2019-2022 йилларда Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳузуридаги Гидрометеорология хизмати марказининг бино ва иншоотларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш дастури тасдиқланди.
Қуйидагилар дастурларни амалга ошириш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш манбалари этиб белгиланди:
қурилиш ва реконструкция қилиш қисми бўйича - Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилги Инвестиция дастури, шунингдек, 2020-2022 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш Давлат дастури доирасида Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳузуридаги Гидрометеорология хизмати маркази учун назарда тутилган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;
капитал таъмирлаш ва моддий-техник базани мустаҳкамлаш қисми бўйича - “Ўзгидромет”ни сақлаб туриш учун ҳар йили бюджетдан ажратиладиган маблағлар, халқаро молия институтлари ва хорижий ташкилотларнинг қарзлари ва грантлари, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
“Ўзгидромет” ушбу қарор билан тасдиқланган дастурлар доирасида бино ва иншоотларни қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш бўйича буюртмачи этиб белгиланди.
Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги биноларни, иншоотларни қуриш ва реконструкция қилиш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатлари давлат экспертизасидан ўтказилишини таъминлайди ҳамда қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш сифатига риоя этилиши устидан зарур давлат архитектура-қурилиш назоратини ўрнатади.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари “Ўзгидромет” буюртмалари бўйича янги гидрометеорологик станция ва постлар қуриш учун белгиланган тартибда ер участкалари ажратилишини таъминлайди.
Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси “Ўзгидромет”га 2019-2022 йилларда Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳузуридаги Гидрометеорология хизмати марказининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва кузатув пунктларини жиҳозлаш дастурини амалга ошириш учун халқаро молия институтлари ва хорижий ташкилотларнинг беғараз техник кўмаги (грантлар) жалб қилинишига кўмаклашади.
Ўзбекистон Республикаси Мудофаа саноати давлат қўмитаси “Ўзгидромет” буюртмаларига асосан хорижда ишлаб чиқарилган мол-мулк ўз вақтида сотиб олинишини таъминлайди.












