Вазирлар Маҳкамасининг “Илмий ва илмий-техник фаолиятнинг истиқболли ютуқларини жорий қилишнинг самарали механизмларини татбиқ этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Ҳужжат билан қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илмий ва илмий-техник фаолият натижаларини тижоратлаштириш Президент жамғармаси тўғрисидаги низом;
Илмий ва илмий-техник фаолият натижалари ишлаб чиқилиши ҳамда тижоратлаштирилишида иштирок этаётган илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларидаги муаллифлар ва илмий жамоаларга қўшимча бир марталик мукофот тўлаш тартиби тўғрисидаги низом;
Патентга лаёқатли истиқболли техник ечимлар ва ишлаб чиқариш сирлари (ноу-хаулар)ни ўз ичига олган тижорат сири режимида ҳимоя қилинадиган интеллектуал мулк объектига бўлган ҳуқуқларни рўйхатга олиш ва бошқаларга ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илмий ва илмий-техник фаолият натижаларини тижоратлаштириш Президент жамғармаси тўғрисидаги низомга кўра, жамғарма Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузурида юридик шахс шакллантирилмаган ҳолда тузилади.
Қуйидагилар Жамғарма маблағларини шакллантиришнинг асосий манбалари ҳисобланади:
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;
грантлар ва халқаро молиявий институтлар ҳамда бошқа хорижий донорлар кредитлари;
Жамғарманинг вақтинча бўш маблағларини тижорат банклари депозитларига жойлаштиришдан олинган даромадлар;
қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар.
Қуйидагилар Жамғарма маблағларидан фойдаланишнинг асосий йўналишлари ҳисобланади:
илмий, илмий-техник ва инновацион фаолият натижаларини татбиқ этиш, шунингдек, кейинчалик серияли ишлаб чиқариш учун инновацион маҳсулотнинг тажриба-саноат партияларини ишлаб чиқариш билан боғлиқ чора-тадбирларни молиялаштиришда иштирок этиш;
юқори технологик тадбиркорлик стартап-лойиҳаларни биргаликда молиялаштириш орқали амалий натижалар олишга қаратилган илмий, илмий-техник ва инновацион фаолиятни рағбатлантириш;
таъсисчиларидан бири устав фондга ўз улуши сифатида интеллектуал мулк объектини ёки тайёр технологияни киритиш орқали янги тузилаётган тижорат ташкилотининг устав капиталига инвестиция қилиш мақсадида лойиҳаларни молиялаштириш ёки биргаликда молиялаштириш.
Қуйидагилар баҳолашнинг ва лойиҳаларни танлаб олишнинг асосий мезонлари ҳисобланади:
таклиф қилинаётган маҳаллий ҳамда чет эл лойиҳасининг долзарблиги - замонавий муаммолар ва масалаларга ечим топа олиши учун лойиҳада акс этган ғоянинг қиймати баҳоланади;
лойиҳанинг инновацион йўналтирилганлиги - таклиф этилишига кўра лойиҳада янги, сайқаллаштирилган, олдин республикада қўлланилмаган технологиялар ва (ёки) ташкилий принциплардан фойдаланилган бўлиши керак, шунингдек, янги, олдин республикада ишлаб чиқарилмаган маҳсулотни ишлаб чиқариш (ёки яратиш), шунингдек, янги хизмат кўрсатиш кўзда тутилган бўлиши шарт;
лойиҳанинг эриша оладиган натижадорлик кўрсаткичи - лойиҳа натижаларига эришишга қаратилган масалаларни ечиш учун таклиф этилаётган услуб ва йўлларнинг мавжуд, асосли ҳамда етарли эканлиги баҳоланади;
бозорда маҳсулотга талабнинг мавжудлигини баҳолаш - маҳсулотнинг бозор талаби ҳамда тижорат истиқболлари баҳоланади;
лойиҳанинг тижоратлаштириш истиқболлари - келажак маҳсулоти татбиқ этилиш ва бозорга чиқиш, муайян истеъмолчи томонидан қабул қилиниш истиқболига эга бўлиши шарт;
лойиҳанинг салоҳиятли рақобат устунлигини баҳолаш - истеъмолчи учун маҳсулот/технологиянинг унинг амалдаги аналогига нисбатан устунлиги мавжудлиги каби муҳим хусусиятлари баҳоланади;
лойиҳанинг инвестицион жозибадорлиги - қўшимча фойда келтирувчи ҳамда қўйилган сармоянинг ўзини қоплай олмаслик таваккалчилигини камайтирувчи мақбул инвестицион ва инновацион шартлар ва қулайликлар жамланмаси;
лойиҳанинг иқтисодий самарадорлиги - унинг бевосита иштирокчилари учун лойиҳанинг амалга оширилишидан келган молиявий натижаларни ҳам ўз ичига олган ҳолда иқтисодий самарадорлиги, шунингдек, лойиҳа амалга оширилиши натижасида ҳосил бўлган молиявий оқибатларни акс эттирувчи бюджет самарадорлиги.
Илмий ва илмий-техник фаолият натижаларини тижоратлаштириш қуйидаги тарзда амалга оширилади:
илмий ва илмий-техник фаолият ишланмаларининг натижаларини қўллаш орқали яратилган (бажарилган, кўрсатилган) маҳсулотлар (ишлар, хизматлар) ни реализация қилиш ёки ушбу натижалардан шартнома асосида ўз эҳтиёжлари учун фойдаланиш;
тижорат ташкилоти тузиш натижасида устав фондига таъсисчилардан бири ўз улуши сифатида интеллектуал мулк объектини ёки тайёр технологияни киритувчи муаллиф (муаллифлар) ҳисобланган жисмоний ва юридик шахслар бўлиши мумкин;
яратилган интеллектуал мулк объектларини учинчи шахсга эгалик ҳуқуқини ўтказишда ҳамда лицензион шартномалар тузиш орқали ушбу объектлардан фойдаланишни тақдим қилиш, шу билан бирга, ушбу ҳуқуқлар эгалари томонидан уларни кейинчалик тижоратлаштириш шарти билан;
қонунчиликда назарда тутилган бошқа усуллар билан.
Илмий ва илмий-техник фаолият натижалари ишлаб чиқилиши ҳамда тижоратлаштирилишида иштирок этаётган илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларидаги муаллифлар ва илмий жамоаларга қўшимча бир марталик мукофот тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, бир марталик мукофот тайинлаш учун ҳар бир ҳисобот йили тугагандан кейин уч ой ичида муассаса раҳбари буйруғи билан ушбу муассасанинг жавобгар шахсларидан иборат, таркиби беш кишидан кам бўлмаган комиссия тузилади. Унинг таркибига комиссия раиси, аъзолари ва котиби киради.
Муассаса раҳбари буйруғи қабул қилинган кундан бошлаб ўн иш куни мобайнида комиссия бир марталик мукофотни муаллифлар (ҳамуаллифлар) ҳамда мукофот тўланадиган шахслар таркиби ўртасида тақсимлаш бўйича қарор қабул қилади.
Комиссия қарорлари раис томонидан тасдиқланадиган баённома шаклида расмийлаштирилади.
Комиссия қарори комиссия аъзоларининг умумий сонидан оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади. Агар овозлар сони тенг бўлса, раиснинг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.
Бир марталик мукофотни тўлаш қуйидаги миқдорларда амалга оширилади:
интеллектуал мулк объектлари муаллифларига - муассаса томонидан тегишли патент олинган кундан бошлаб бир ой муддат ичида муассасанинг бюджетдан ташқари ҳисобидан энг кам ойлик иш ҳақининг ўн баравари миқдорида;
ИТФНнинг ишлаб чиқилиши ҳамда тижоратлаштирилишида иштирок этаётган илмий тадқиқот ва олий таълим муассасаларидаги муаллифлар ва илмий жамоага - уларни тижоратлаштиришдан муассаса ҳисоб рақамига тушаётган маблағларнинг солиқлар, йиғимлар (божлар) ва бошқа тўловлар тўлангандан кейин муассаса тасарруфида қолган қолдиқ сумманинг тегишли равишда 40 ва 30 фоизи миқдорида.
ИТФНнинг ишлаб чиқилиши ҳамда тижоратлаштирилишида иштирок этаётган илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларидаги муаллифлар ва илмий жамоага бир марталик мукофот тўлови ИТФН ишлатилган ҳар бир ҳисобот йили якуни бўйича уларни тижоратлаштиришдан муассаса ҳисоб рақамига маблағлар тушганидан кейин уч ой мобайнида тўланади.
Агар ИТФН бир қанча муаллифларнинг биргаликдаги ижодий иши маҳсули бўлса, бир марталик мукофот тенг қисмларда муаллифларга тўланади, агар улар ўртасида шартнома орқали бошқача тақсимлаш кўзда тутилмаган бўлса.
Бир марталик мукофот муассаса ишчиларига ҳам, шартнома асосида ишлаётган ходимларига ҳам тўланади.
Бир марталик мукофотни муаллифлар (ҳаммуаллифлар) ҳамда мукофотланадиган шахслар таркиби ўртасида тақсимлаш комиссия қарорига асосан, муассаса раҳбари буйруғи асосида белгиланади.












