Спорт | 14:50 / 17.12.2018
11911
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон терма жамоасининг яна бир аъзоси Япония клубига ўтди

Ўзбекистон олимпия терма жамоаси сафида Осиё чемпиони бўлган ҳимоячи Достон Турсунов Япониянинг «Ренофа» клуби билан шартнома имзолади. Бу ҳақда Ямагучи префектураси жамоасининг расмий сайтида хабар берилган.

Битим икки йилга мўлжаллаб имзоланган, яъни томонлар 2020 йил охирига қадар ҳамкорлик қилишга келишиб олишган.

«Ренофа Ямагучи» Япония иккинчи дивизиони вакили ҳисобланади. Клуб якунланган мавсумда 22 жамоа орасидан 8-ўринни эгаллади.

Маълумот учун, 23 ёшли Достон «Нефтчи», «Қўқон-1912» ва «Металлург» каби клублар шарафини ҳимоя қилган. 2018 йилги мавсумни у фарғоналиклар таркибида ўтказди. Турсунов Ўзбекистон терма жамоасининг Осиё Кубоги олдидан Туркияда ўтказилаётган сўнгги йиғинига жалб этилган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон термасининг бошқа бир аъзоси Фозил Мусаев ҳам Япония чемпионатида иштирок этади: у икки йилдан буён Жей-лигада «Жубило Ивата» шарафини ҳимоя қилиб келмоқда. Шунингдек, ўтган ҳафта яримҳимоячи Икром Алибоев «Локомотив»дан Жанубий Кореянинг «Сеул» клубига ўтган эди.

Мавзуга оид