Ўзбекистон | 10:59 / 07.01.2019
34850
7 дақиқада ўқилади

Профилактика инспекторлари ёрдамчиларининг асосий вазифалари белгиланади

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Ички ишлар органлари таянч пункти профилактика (катта) инспекторларининг ёрдамчилари фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси президентининг «Жамоат хавфсизлигини таъминлаш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2018 йил 24 декабрдаги ПҚ–4075-сон қарорига мувофиқ, «Маҳалла посбони» жамоатчилик тузилмалари раҳбарлари лавозимлари тугатилиб, уларга иш ҳақи тўлаш ва ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг амалдаги механизмлари сақлаб қолинган ҳолда, бўшаётган штат бирликлари ҳисобидан профилактика (катта) инспекторларининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ёрдамчилари лавозимлари жорий этилган ҳамда уларга ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасида ички ишлар органларига амалий ёрдам кўрсатиш учун шахсий жавобгарлик юклатилган.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгашининг тугатилган «Маҳалла посбони» жамоатчилик тузилмалари раҳбарларининг 9 002 нафар штат бирлигини Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига ўтказиш тўғрисидаги таклифига розилик берилиши мумкин.

Ҳужжат билан қуйидагилар:

профилактика (катта) инспекторларининг ёрдамчилари фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом;

профилактика (катта) инспекторларининг ёрдамчиларини квота асосида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг олий таълим муассасаларига ўқишга кириши учун тавсияномалар бериш тартиби тўғрисидаги низом;

профилактика инспекторлари ёрдамчиларининг меҳнатига ҳақ тўлаш тартиби тўғрисида низом тасдиқланиши мумкин.

Профилактика (катта) инспекторларининг ёрдамчилари фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, қуйидагилар профилактика инспекторлари ёрдамчиларининг асосий вазифалари ҳисобланади:

тегишли ҳудудда хавфсизликни ва жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар огоҳлигини ошириш, тинчлик ва барқарорликни таъминлашда ички ишлар органларига кўмаклашиш;

бириктирилган ҳудудида ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, аҳоли ўртасида профилактик тарғибот тадбирларини ўтказишда иштирок этиш;

фуқароларда, айниқса вояга етмаганлар ва ёшларда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, фуқаролар йиғинларида ҳуқуқий тарғибот ишларини тизимли амалга ошириш;

вояга етмаганлар ҳамда ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятларни ҳурмат қилиш руҳида тарбиялаш, онги ва қалбида мустақиллик ғояларига содиқлик, миллий ўзликни англаш, Ватанга муҳаббат ва унинг тақдирига дахлдорлик, фидойилик ҳиссини қарор топтириш ва ривожлантириш, турли мафкуравий таҳдидлардан асрашга қаратилган тадбирларни ўтказишда иштирок этиш;

ички ишлар органлари профилактик ҳисобида турувчи шахслар, шу жумладан вояга етмаган ҳамда ёшлар билан аниқ ва мақсадли профилактик тадбирларни ташкиллаштириш ва ўтказишда иштирок этиш;

фуқаролар томонидан паспорт тизими, санитария, экология, ёнғин ва ҳаракат хавфсизлиги қоидаларига риоя этилиши юзасидан амалга оширилаётган тадбирларда иштирок этиш;

ичкиликбозлик ва гиёҳвандликка ружу қўйганлар, оила-турмуш ва ахлоқ-одоб доирасида мунтазам равишда ҳуқуқбузарлик содир этувчи шахслар, фарзанд тарбиясига салбий таъсир кўрсатувчи ёки улар тарбияси билан шуғулланмайдиган ота-оналар, вояга етмаганларни ҳуқуқбузарликлар содир этишга ундовчи шахслар, носоғлом турмуш тарзида ҳаёт кечираётган оилаларни аниқлаш, уларга тегишли қонуний чоралар кўриш учун профилактика инспекторига ушбу маълумотларни тақдим қилиш;

илгари судланган ва жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган шахсларни ижтимоий реабилитация қилиш ва ижтимоий мослаштиришда қатнашиш;

жисмоний шахсларнинг ҳуқуқбузарлик жабрланувчисига айланиши хавфини камайтиришга доир чора-тадбирларни амалга оширишда иштирок этиш;

табиий офатлар, оммавий тартиббузарликлар ва бошқа фавқулодда вазиятларда жамоат тартибини сақлаш, фавқулодда вазият хавфи туғилганда аҳолини ўз вақтида хабардор қилиш, аҳоли ўртасида бундай вазиятларда тўғри ҳаракат қилишни тарғиб этиш ва ушбу ҳолатларни бартараф этишда кўмаклашиш;

иш фаолиятида ҳудудлардаги жамоат жойлари, маҳалла кўчалари, қаровсиз жойларда навбатчилик асосида жамоатчилик назоратини олиб бориш;

«Маҳалла посбони» жамоатчилик тузилмаси, «Фидокор ёшлар» жамоатчилик патруль гуруҳлари, «Жамоатчилик назорати масканлари»да хизматни ташкил этиш, навбатчиликни йўлга қўйиш, йўл қўйилаётган камчиликларни аниқлаш, профилактика инспектори ва маҳалла фуқаролар йиғини раиси билан биргаликда уларни бартараф этиш чораларини кўриш.

Профилактика инспекторлари ёрдамчилари ўзларига юклатилган асосий вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:

«Маҳалла посбони» жамоатчилик тузилмаси аъзолари, «Фидокор ёшлар» жамоатчилик патруль гуруҳлари, «Жамоатчилик назорати масканлари» фаолиятини кунлик назорат қилиш ва мувофиқлаштириш;

қишлоқлар, овуллар ва маҳаллалардаги криминоген вазиятни, ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиш сабаблари ва уларга имкон берувчи шарт-шароитларни ўрганиш, шунингдек ўрганиш натижалари бўйича профилактика (катта) инспекторларига тегишли маълумот ва таклифларни тақдим этиш;

профилактика (катта) инспекторлари билан биргаликда махсус профилактик чора-тадбирларни, шунингдек, ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил шахслар билан профилактика ишларини амалга ошириш;

жиноятларни аниқлаш ва фош этиш ҳамда суриштирув, тергов ва суд органларидан яшириниб юрган, жиноий жазодан бўйин товлаётган, бедарак йўқолган шахсларни ҳамда қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолатларда бошқа шахсларни қидириш, шунингдек, шахси номаълум мурдаларнинг шахсини аниқлаш бўйича тезкор-қидирув тадбирларини амалга оширишга кўмаклашиш;

аҳоли билан ўтказилаётган мавжуд муаммоларни ўрганиш ва уларни ҳал этишнинг мақбул йўлларини аниқлашга қаратилган учрашувларда иштирок этиш;

ҳуқуқбузарликлардан жабрланган, ғайриижтимоий хулқ-атворга эга, ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил ҳамда ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларга ҳуқуқий, ижтимоий ва бошқа турдаги ёрдамларни кўрсатишга, шунингдек, уларга жамиятда қабул қилинган хулқ-атвор нормалари ва қоидаларини сингдиришга қаратилган чораларни амалга оширишда кўмаклашиш;

бириктирилган ҳудуддаги ҳар бир оилани айланиб чиқиш ва уларни ўрганиш, нотинч оилаларни аниқлаш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан биргаликда уларнинг маиший ва бошқа муаммоли масалаларини ҳал этишга кўмаклашиш;

фуқаролар, айниқса, вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида қонун ҳужжатлари талабларига риоя этиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш масалаларида тушунтириш ишларини ташкил этиш;

вояга етмаганларнинг назоратсизлиги, қаровсизлиги ва ҳуқуқбузарликлари ҳолатлари ҳамда уларга имкон берувчи сабаб ва шарт-шароитлар тўғрисида тегишли ташкилотларни ўрнатилган тартибда хабардор қилиш;

етим болалар ва ота-оналар қаровисиз қолган болаларни жойлаштиришда васийлик ва ҳомийлик органларига кўмаклашиш;

суд қарорлари ва бошқа органлар ҳужжатларининг ижро этилишида жамоат тартибини таъминлашда, мажбурий келтириш ишларида иштирок этиш.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид