Тошкент шаҳрида одам ўғирлашда гумонланган икки шахс қўлга олинди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, ИИВ Тезкор-қидирув департаментига ватандош ариза билан мурожаат қилган. Аризада у номаълум шахслар томонидан машинада олиб қочилганини ҳамда қатъий қаршилик кўрсатгани натижасида қутулиб қолганини баён қилган.

Ҳолат юзасидан ИИВ Тезкор-қидирув департаменти ходимлари томонидан тадбир ўтказилиб, икки нафар гумонланувчи қўлга олинган. Улар 2003 ва 1998 йилларда Тошкент шаҳрида туғилган, муқаддам ўғрилик жинояти билан судланган шахслар бўлган. Гумонланувчиларга тегишли машина юкхонасидан ўткир тиғли болта топилиб, процессуал тартибда расмийлаштирилган.

Ушланган шахслар олиб борилган суриштирув давомида айбловларни тан олган. Гумонланувчиларнинг телефонлари текширилганда уларни ёллаган буюртмачи билан Telegram орқали ёзишмалари аниқланган. Уларга аризачини ҳар қандай йўл билан буюртмачининг олдига олиб бориш топширилган. Шунингдек, гумонланувчилар яна бир фуқарони мажбуран олиб келиши, ҳатто унинг бўйнига электрошокер билан уриб, “ухлатиб” бўлса ҳам етказиши керак бўлгани ёзишмаларда аниқланган.

Гумонланувчилар иккинчи фуқарони унинг ишхонаси олдида қарийб тўрт соат кутган. Бироқ у хизмат сафарига кетганини билгач, режани бошқа кунга қолдирган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 137-моддаси (одам ўғирлаш) 2-қисми “б, в” бандлари билан жиноят иши қўзғатилган.