Бу ҳақда Ички ишлар вазирлигининг 6 ноябрдаги ахборотида маълум қилинди. Мазкур рақамлар вазир Азиз Тошпўлатов иштирокида аҳолини энергетика ресурслари билан таъминлаш масалаларига бағишланган йиғилишда келтирилган.
Вазирлик маълумотига кўра, кўмирни ноқонуний сақлаш ва ўтказиш билан боғлиқ 16 та ҳолат аниқланган. Мусодара қилинган 333 тонна 540 килограмм кўмир аҳоли эҳтиёжлари учун етказилган.
Суюлтирилган газ билан боғлиқ шундай ҳолатлар сони эса 374 тани ташкил этган. Олинган газ баллонлари ва суюлтирилган газни аҳоли истеъмоли учун қайтариш чоралари кўрилган.
Хусусан, октябрь ойида Самарқанд вилоятида Pastdargʻomtumangaz газ таъминоти корхонаси ходимлари аҳоли учун ажратилган газ тўлдирилган маиший баллонларни махсус транспорт воситаларида талон-торож қилаётгани аниқлангани билдирилди. Тадбир давомида 32 миллион сўмлик 3 тонна 100 килограмм углеводород гази мусодара қилинган.
Мазкур ҳолат юзасидан корхона ходимларига нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 2-қисми «в» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Самарқанд вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси ҳолатнинг бошқа тафсилотларини аниқламоқда.
Йиғилишда куз-қиш мавсумида хонадонлар ва ижтимоий соҳа объектларини кўмир, табиий ҳамда суюлтирилган газ билан барқарор таъминлаш масалалари муҳокама қилинган. Газ баллонларини белгиланган график бўйича етказиш, истеъмолчилардан асоссиз тўлов талаб қилмаслик ва маҳсулотни белгиланган меъёрдан кам бермаслик зарурлиги таъкидланган.
Шунингдек, маҳсулотларнинг ҳақиқий ҳажми билан ҳисоботлардаги рақамлар ўртасидаги тафовутлар, сохта маълумот киритиш, ноқонуний воситачилик ва ресурсларни белгиланган истеъмолчиларга етказмаслик ҳолатларини аниқлашга қаратилган тезкор-профилактик тадбирларни кучайтириш вазифаси қўйилган.
Масъулларга энергетика маҳсулотларини ташишда юклар бутлигини назорат қилиш, газ тўлдириш шохобчалари, омборлар ва тақсимлаш базалари қўриқланишини кучайтириш топширилган. «Ҳудудгазтаъминот» АЖ билан биргаликда таъминотдаги узилишлар сабабларини аниқлаш, маҳсулот ҳажми ва тақсимоти ҳисобини юритиш ҳамда истеъмолчилар мурожаатларини ҳал этиш чоралари белгиланган.











