Ўзбекистон | 18:24 / 10.01.2019
7109
2 дақиқада ўқилади

Андижон ва Навоий олис ҳудудларида автоклуб фаолияти йўлга қўйилди

Фото: Халқаро пресс-клуб

Ўзбекистон Маданият вазири Бахтиёр Сайфуллаев маданият марказлари мавжуд бўлмаган республиканинг олис ҳудудларида махсус мусиқий ва техник қурилмалар билан жиҳозланган автоклублар ишини йўлга қўйиш масаласи муҳокамадан ўтганини маълум қилди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар берди. 

«Илгари чекка ҳудудларда шунга ўхшаш автоклублар бўларди. Лекин улар мустақилликнинг биринчи йилларида йўқ қилиб юборилди. Президент ташаббуси билан буни яна тикладик, эксперимент тарзида 2та вилоят — Навоий ва Андижонга юборилди. Тажриба ўзини оқласа, 2019-2020 йилда ҳар бир вилоят бошқармаларига шундай автоклублар бюджет ҳисобига тўла жиҳозланган ҳолда юборилади», – дейди у. 

Маълумот учун, 2018 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев маданият соҳасига оид 10та ҳужжат — 8та қарор, 2та фармойишни имзолади. Шунингдек, ўтган йил давомида Вазирлар Маҳкамаси томонидан соҳага тааллуқли 25та — 13та қарор, 12та фармойиш ҳужжат қабул қилинди. 

Улар ичида миллий маданият тўғрисидаги концепция соҳа истиқболини белгилайдиган ҳужжат ҳисобланади. ​Концепция 9та йўналишни қамраб олади:

Моддий ва номоддий маданий мерос;
Музейлар, театр;
Кино ва цирк;
Миллий мусиқа, миллий эстрада;
Миллий рақс;
Тасвирий ва амалий санъат
Маданият ва истироҳат боғлари ҳамда маданият марказлари;
Илм фан, таълим, кадрлар тайёрлаш ва малакасини ошириш;
Маданият туризми.

Концепция доирасида, Вазирлар Маҳкамасининг 5та қарори, 6та турли йўналишдаги таклифлар ишлаб чиқилиб, ҳукуматга киритиш белгиланган.

Мавзуга оид