Путин НАТОни танқид қилди ва Ғарбга чақириқ билан чиқди
Россия президенти Владимир Путиннинг маълум қилишича, НАТОнинг ўз иштирокини мустаҳкамлаш бўйича ҳаракатлари «ҳалокатли» стратегия ҳисобланади. У Сербиянинг «Политика» газетасига берган интервьюсида ўз фикрини билдирди.
Президентнинг таъкидлашича, НАТОнинг Европа давлатларида кенгайишга қаратилган сиёсати «совуқ уруш» сарқити саналади. Унинг қўшимча қилишича, ҳозирги кунда альянс Болқон ярим оролидаги ўз мавқеини кучайтириш истагида.
«Бироқ, буни амалга ошириб, у фақатгина Европа қитъасида бўлиниш йўлини қайта тикламоқда, хавфсизликнинг бўлинмаслик тамойилини қўпол тарзда бузмоқда», - деди Путин.
Унинг қайд этишича, альянснинг бундай ҳаракатлари минтақадаги барқарорликни мустаҳкамлашга олиб келмайди, балки фақат кескинликни кучайтиради.
Шунингдек, Владимир Путиннинг сўзларига кўра, Ғарб «шантаж, таҳдид ва провокация усулларини» қўлламоқда, у ғарбдаги ҳамкасбларини бундай сиёсатни олиб бориш услубларидан воз кечишга чақирди.
Бундан ташқари, у Ғарбни халқаро ҳуқуқни «ҳурмат қилиш» ва БМТ Низомида баён этилган тамойилларга амал қилишга чақирган.
Путиннинг билдиришича, Россия «халқаро вазиятни яхшилаш» йўлини «қатъий ҳамда изчиллик билан» қўллаб-қувватлайди.
Президентнинг хулоса қилишича, жаҳон сиёсатидаги кескинлик АҚШ ва «бошқа бир қатор Ғарб давлатлари» ҳаракати туфайли сақланиб қолмоқда. Унинг фикрича, улар хатти-ҳаракати «қарама-қаршилик ва ишончсизлик муҳитини» яратяпти.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ президенти Дональд Трампнинг НАТОдан чиқиш режаси ошкор бўлганди.
Мавзуга оид
17:30 / 04.11.2024
ЕИда НАТОга қўшимча равишда хавфсизлик ва мудофаа иттифоқини тузиш таклиф этилди
11:10 / 04.11.2024
CNN: АҚШ сайловлари Путинни Киев билан мулоқотга ундамайди
09:30 / 01.11.2024
РФ ТИВ Украинанинг НАТОга аъзолиги бўйича «немис модели»ни рад этди
16:00 / 30.10.2024