Ўзбекистон | 17:57 / 24.01.2019
51500
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда бешинчи сиёсий партия рўйхатга олинди

Фото: Адлия вазирлиги матбуот хизмати

Адлия вазирлиги томонидан Ўзбекистон Экологик партияси давлат рўйхатидан ўтказилди. Бу ҳақда вазирлик телеграм-канали хабар берди.

Янги партиянинг асосий мақсади барқарор ривожланишга, экологик хавфсизликка эришиш, ҳозирги ва келажак авлод учун табиий ресурсларни сақлаш ва қулай атроф муҳитни яратишга йўналтирилган давлат сиёсатини рўёбга чиқаришни таъминлаш, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурсларни сақлаш давлат, жамият ва мамлакат ҳар бир фуқаросининг вазифаси бўлишига эришишга кўмаклашишга қаратилган.

Шу муносабат билан, Адлия вазирлигида Ўзбекистон Экологик партияси фаоллари билан учрашув ўтказилди.

Учрашувда партия Марказий кенгаши ижроия қўмитаси раисига партия давлат рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома тақдим қилинган.

Маълумот учун: дунёда экология йўналишидаги қарийб 100 та сиёсий партия фаолият юритади. Одатда “яшиллар” номи билан юритилувчи бу партиялар, парламент орқали экология соҳасидаги давлат сиёсати ғояларини илгари суради.

Мавзуга оид