Ўзбекистон | 14:49 / 01.02.2019
5252
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон делегацияси Атом энергетикаси халқаро агентлиги бош директори билан учрашди

Фанлар Академияси (ФА) президенти Беҳзод Йўлдошев бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси 31 январь куни Венада Атом энергетикаси халқаро агентлиги (АЭХА) бош директори Юкия Амано билан учрашиб, музокаралар ўтказди. “Ўзатом” агентлиги матбуот хизмати бу ҳақида Kun.uz’га хабар берди

Беҳзод Йўлдошев Ўзбекистоннинг тинч атомдан фойдаланиш, энг аввало атом энергетикаси, шунингдек тиббиёт ва қатор бошқа йўналишлар бўйича ҳаракатлар босқичлари ҳақида сўзлади.

Ўтган йилнинг октябрида Ўзбекистонда биринчи атом электр станцияси (АЭС) қурилиши лойиҳасига старт берилган вақтдан эътиборан “Ўзатом” агентлиги томонидан бу йўналишда босқичма-босқич ишлар амалга оширилмоқда. Ядровий хавфсизликни таъминлаш ва бошқа йўналишлардаги ишларнинг бари АЭХА талаб ва тавсияларига мувофиқ келади. 

АЭХА бош директори радиацион ва ядровий хавфсизликни таъминлаш ва оширишга доир ҳамкорликдаги фаолият, шунингдек техник ҳамкорлик доирасидаги лойиҳаларни амалга оширишдаги  самарадорликдан қониқиш ҳосил қилганини баён қилди. Ўзбекистонда АЭС қурилиши мамлакатда таълим тизимининг такомиллашуви, ядровий-муҳандислик фанлари, қурилиш саноати ва энергетика тизимининг ривожланиши учун мустаҳкам  пойдевор бўлиб хизмат қилиши таъкидланди. 

Юкия Амано АЭХАнинг Ўзбекистонга келгусида ҳам техник ва экспертлик кўмагини кўрсатиш, жумладан АЭС қурилиши жараёнида ҳам ёрдамга тайёр эканини таъкидлади.

Учрашув якунларига кўра, агентлик бош директорига Ўзбекистонга расмий ташриф билан келиш таклифи битилган хат топширилди. 

Таъкидлаш жоизки, бир неча кундан кейин Тошкент шаҳрида АЭХА экспертлари иштирокидаги навбатдаги семинар бўлиб ўтиши кутилмоқда. 

 

Мавзуга оид