Халқаро донорлар 2025 йилда Россиянинг учувчисиз учиш аппарати ҳужуми оқибатида шикастланган Чернобил атом электр станцияси (ЧАЭС) тўртинчи энергоблоки устидаги ҳимоя гумбазини таъмирлаш учун 278 миллион евро ажратиш мажбуриятини олди.
Ушбу маблағ иншоотни тиклаш учун зарур бўлган умумий сумманинг ярмидан кўпини ташкил этади. Бу ҳақда 9 ноябр, душанба куни AFP ахборот агентлиги хабар берди.
«Ҳозирда 15 та иштирокчи томонидан тасдиқланган молиявий мажбуриятларнинг умумий ҳажми 278 миллион еврога етди», — деди Франция Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Европа масалалари бўйича вазир-делегат Бенжамен Аддад Парижда ўтказилган донорлар конференцияси якунлари бўйича.
Аддаднинг сўзларига кўра, халқаро ҳамжамиятнинг қўллаб-қувватлаши Украинага «Россия тажовузининг молиявий оқибатларини якка ўзи кўтармаслик» имконини беради.
Унинг таъкидлашича, айни пайтда Украина аҳолини ҳимоя қилиш, муҳим инфратузилма объектларининг фаолиятини таъминлаш ва мамлакатни қайта тиклаш учун катта молиявий ресурсларга муҳтож.
Париждаги конференция Украина ҳукумати ва Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) ҳамкорлигида ташкил этилди.
2026 йилда «Катта еттилик» (G7) гуруҳига раислик қилаётган Франция аввалроқ Чернобил АЭСдаги ҳимоя иншоотини тиклаш харажатларини тахминан 500 миллион еврога баҳолаган эди.
Франция ҳукумати ушбу мақсад учун 40 миллион евро ажратиш мажбуриятини олган. Мазкур маблағнинг 10 миллион евроси дастлабки тадқиқотларга йўналтирилади.
Германия ҳам аввалроқ Чернобил АЭС ҳимоя гумбазини таъмирлаш учун 50 миллион евро ажратишини эълон қилган эди.
Дрон ҳужумидан кейинги шикастланишлар
Расмий номи «Янги хавфсиз конфайнмент» (ЯХК) бўлган ҳимоя гумбази 2016 йилда Чернобил АЭСнинг тўртинчи энергоблоки устига ўрнатилган ва 2019 йилда тўлиқ фойдаланишга топширилган.
У 1986 йилдаги Чернобил ҳалокатидан кейин қурилган бетон саркофагни қоплаб туради.
2025 йил февралида Россия дрони зарбасидан сўнг иншоот жиддий шикастланган ва уни кенг кўламда таъмирлаш зарурати туғилган.








