Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитасининг тегишли қарори 2026 йил 5 ноябрда Адлия вазирлиги томонидан 3967-рақам билан давлат рўйхатидан ўтказилди.

Янги қоидаларга кўра, атом электр станцияси қурилиши бошланишидан олдин реактор қурилмасининг лойиҳа ҳужжатлари ишлаб чиқилиши шарт. Уларда хавфсизлик учун муҳим тизимлар, уларнинг ишончлилик кўрсаткичлари, хизмат муддати ва техник ҳолатини назорат қилиш воситалари аниқ белгиланиши лозим.

Шунингдек, лойиҳа ҳужжатларига тегишли ўзгартиришлар киритилмасдан реактор қурилмаси ва хавфсизлик тизимларининг конструкцияси, техник хусусиятлари ҳамда станциядан фойдаланиш шартларини ўзгартиришга йўл қўйилмайди.

Аварияларнинг атроф-муҳитга таъсири олдиндан баҳоланади

Хусусан, эҳтимолий авариялар пайтида радиоактив моддаларнинг атмосфера ҳавоси, ер усти ва ер ости сувлари, тупроқ, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда аҳоли саломатлигига таъсири олдиндан ўрганилиши керак. Ушбу таъсирларнинг олдини олиш ва камайтириш чоралари ҳам лойиҳада назарда тутилиши шарт.

Хавфсизлик учун муҳим тизимлар ишлаб чиқариш, ўрнатиш ва созлаш босқичларида назорат ҳамда синовлардан ўтказилади. Станциядан фойдаланиш даврида эса уларнинг техник ҳолати мунтазам текшириб борилади.

Атом электр станцияси блокини электр энергияси ишлаб чиқариш режимига ўтказишда реактор қуввати босқичма-босқич оширилади. Ҳар бир босқичда режалаштирилган синовлар ўтказилиб, натижалар таҳлил қилинади.

Бундан ташқари, ядровий хавфли ишлар фақат реактор қурилмаси тўхтатилган ҳолатда, хавфсизлик чоралари ва масъул шахс белгиланган махсус дастур асосида бажарилиши лозим.

АЭС ходимларини фавқулодда вазиятларга тайёрлаш учун аварияга қарши махсус машғулотлар ҳам ўтказиб борилади.

Мазкур қоидалар 2027 йил 7 февралдан кучга киради.