«Менинг юртим» телеканали баҳорий мавсумда телетомошабинлар талаб ва истакларига биноан ранг-баранг дастурларни ҳозирлаб қўйган. Ўнлаб шоу дастур ва мега лойиҳалар билан бир қаторда, албатта, янги сериаллар ҳам эфирдан жой олган.
My5 телеканали миллий сериалларга алоҳида эътибор қаратиши барчага маълум. Информацион, ижтимоий ёки бошқа теледастурларда айтилган, бироқ етарлича самара бермаган, томошабин онгига қадар кириб бормаган талай мавзулар борки, уларни миллий сериал орқали таъсирчан кўринишда етказиш мақсадга мувофиқ. Шу сабабли 2019 йил 4 мартдан биратўла иккита миллий сериал намойиш этила бошланади:
«Журналист» – бу сериал «Менинг юртим» телеканали мухлислари учун янги мавсум туҳфаси десак янглишмаймиз. Баҳорнинг илк кунлариданоқ премъераси кутилаётган «Журналист» сериали замонамиз ёшларининг бугунги ҳаёти ва интилишлари ҳақида ҳикоя қилади. Сериалнинг бош ғояси ёшларни ҳаёт синовларида қоқилмасликлари учун илмли, мустақил фикрига эга, ватанпарвар ва ўз касбига садоқатли инсонлар қилиб тарбиялашдан иборатдир. Зеро, сериал қаҳрамони Дунё ҳам замонамиз қаҳрамони бўлиб, 20 ёшда Журналистика ва оммавий коммуникациялар университетини тугатиб таҳририятда, журналист сифатида иш бошлайди. Унинг мақолаларида кўтарилган долзарб муммолар ва мавзулар барчани лол қолдиради. Севиб-севилиб турмушга чиқади бироқ, бахтли онлари кўпга бормайди, ёзган мақоласи туфайли оиласи пароканда бўлади. 200 қисмдан иборат бўлган «Журналист» сериалини 4 мартдан бошлаб соат 20:45да томоша қилишингиз мумкин.

«Заҳарли томчилар» – сериали навбатдаги миллий сериал премъераси бўлиб, унда бугунги ҳаётимиздаги долзарб муаммолар кўтарилган. Сериал орқали жамиятда ёвузликни касб қилган ёшларимизни психотроп моддалар билан ҳаётини заҳарлаётган кимсалардан огоҳ бўлиш, уларга қарши кураш кераклиги уқтирилади. Зеро, бугун огоҳлик давр талабидир. Шунинг учун ҳам сериал бизни жамиятмиз олдидаги ижтимоий масъулиятимизни унутмасликка чорлайди. Унда теварак атрофимизда содир бўлаётган воқеликка нисбатан лоқайдлик фожиавий оқибатларга олиб келиши ўткир сюжетли саҳналар орқали очиб берилади. Бундан кўринадики, ушбу сериал барчамизни огоҳликка даъват этиб, муҳим ижтимоий ва тарбиявий аҳамият касб этади. «»Заҳарли томчилар» сериалини 4 мартдан бошлаб соат 21:15да томоша қилишингиз мумкин.
















