Европа Иттифоқи Кенгаши Украинани қўллаб-қувватлаш бўйича ЕИ ҳарбий ёрдам миссияси (EUMAM) ваколат муддатини яна икки йилга — 2028 йил 15 ноябргача узайтиришга қарор қилди. Ушбу давр учун бюджетдан қарийб 300 миллион евро ажратилиши белгиланди.
Шунингдек, Украина ҳукумати ва ҳарбийлари билан ҳамкорликни янада самарали мувофиқлаштириш мақсадида мамлакат ҳудудида миссиянинг ваколатхонаси ташкил этилади.
Бу ҳақда Европа Иттифоқи Кенгашининг 9 ноябр, душанба куни эълон қилинган пресс-релизида маълум қилинди.
Миссия фаолияти кўлами кенгайтирилиб, асосий эътибор ҳарбий ҳаракатлар давомида орттирилган тажрибадан олинган сабоқларга ҳамда Украинанинг мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш учун ҳарбий тайёргарликни кучайтиришга қаратилади.
Бундан ташқари, EUMAM Европа Иттифоқига аъзо бўлмаган ҳамкор давлатлар — АҚШ, Буюк Британия, Канада ва Норвегия билан ҳамкорликни давом эттиради.
Миссия, шунингдек, халқаро «Кўнгиллилар коалицияси» ҳамда НАТО билан ҳам ҳамкорлик қилади.
EUMAM 2022 йил октябрида Украинанинг ҳарбий салоҳиятини мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилган.
Миссиянинг асосий вазифаси — Украина ўз ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини ҳимоя қилиши, шунингдек, тинч аҳолини Россиянинг қуролли тажовузидан муҳофаза эта олиши учун мамлакат ҳарбий имкониятларини оширишга кўмаклашишдан иборат.
2022 йил октябрида ташкил этилганидан буён миссия Киевнинг сўровига биноан ЕИ давлатлари ҳудудида 100 мингдан ортиқ украиналик ҳарбий хизматчини тайёргарликдан ўтказди.
Европа Иттифоқи Украинанинг мудофаа қобилиятини мустаҳкамлашни молиялаштирмоқда
Сентябрь ойи охирида Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат бўйича олий вакили Кая Каллас ЕИ давлатлари Европа тинчлик жамғармасидан (EPF) 6,6 миллиард евро маблағни ажратишга қўйилган тўсиқни олиб ташлашга келишиб олганини маълум қилган эди.
Мазкур маблағларни ажратишга 2023 йилдан буён Венгрия вето қўйиб келаётган эди.
Ушбу сумманинг 4,7 миллиард евроси ЕИ давлатларининг Украинага аввалроқ тақдим этган қурол-яроғ ва ўқ-дорилари учун сарфлаган харажатларини қоплашга йўналтирилади.








