Ички ишлар вазирининг 2026 йил 4 сентябрдаги 502-сон буйруғи билан тасдиқланган йўриқнома 5 ноябрда Адлия вазирлигида 3969-рақам билан давлат рўйхатидан ўтказилган. Ҳужжат 6 ноябрда расмий эълон қилинган бўлиб, икки ойдан кейин кучга киради.
Жарималар қандай расмийлаштирилади?
Янги йўриқномага кўра, йўл ҳаракати қоидабузарликлари бўйича маъмурий баённомалар, асосан, ЙҲХХнинг «Маъмурий амалиёт» электрон тизими орқали расмийлаштирилади.
Ҳайдовчилар, гувоҳлар ва бошқа иштирокчилар электрон баённомаларни электрон имзо ёки бармоқ изи орқали тасдиқлаши мумкин.
Шу билан бирга, ЙҲХХ ходимларининг қоидабузарлардан жойида жарима олиши қатъиян тақиқланади.
Жарималар устидан шикоят қилиш тартиби
Ҳайдовчи маъмурий жарима тўғрисидаги қарор нусхасини олган кундан бошлаб 10 кун ичида юқори турувчи орган ёки судга шикоят қилиши мумкин.
Белгиланган муддатда шикоят берилса, қарор ижроси шикоят кўриб чиқилгунига қадар тўхтатиб турилади. Бунда маъмурий қамоқ тўғрисидаги қарорлар мустасно.
Шикоятни кўриб чиқиш жараёнида жарима тўғрисидаги қарор бекор қилинса, ундирилган пул қонунчиликда белгиланган тартибда қайтарилади.
Жарима баллари ҳам ҳисобга олинади
Айрим йўл ҳаракати қоидабузарликлари учун асосий жазо билан бирга жарима баллари ҳам ҳисобланади. Бир қоидабузарлик учун энг кўпи билан 2 балл берилади.
Жарима баллари бир йил давомида ҳисоблаб борилади ва ушбу муддат ўтгач автоматик равишда ўчирилади.
Агар ҳайдовчининг жарима баллари бир йил ичида 12 баллдан ошса, қўшимча жазо масаласини ҳал қилиш учун иш материаллари судга электрон шаклда юборилади.
Жарима тўланмаса, автомобил ушлаб турилиши мумкин
Йўриқномада белгиланишича, жарима тўғрисидаги қарор чиқарилганидан кейин 60 кун ичида тўлов амалга оширилмаса, транспорт воситасини ушлаб туриш чораси қўлланиши мумкин.
Бироқ ҳайдовчи жаримани электрон тўлов тизими, мобил илова ёки банк кассаси орқали тўлиқ тўлаб, тўлов тизимда тасдиқланса, автомобил жарима майдончасига жойлаштирилмайди.








