Де Хеа уялтирди. «Арсенал» ЕЧЛ учун жангда «МЮ»ни мағлуб этди
«Арсенал» Англия Кубоги доирасида январь ойидаги мағлубият учун «Манчестер Юнайтед»дан қасос олди. Манкунианликлар Оле Гуннар Сульшер бошчилигида Англия чемпионатида илк бор мағлуб бўлди.
Англия чемпионати, 30-тур
«Арсенал» - «Манчестер Юнайтед» - 2:0 (1:0)
Голлар: Чака, 12 (1:0). Обамеянг, 69 - пенальти (2:0).
«Арсенал»: Лено, Папастатопулос, Косьельни, Монреаль, Мэйтланд-Найлс, Рэмзи, Чака, Ўзил (Ивоби, 77), Колашинац, Обамеянг (Суарес, 80), Ляказетт (Нкетиа, 86).
«Манчестер Юнайтед»: де Хеа, Далот (Марсиял, 71), Янг, Смоллинг, Линделёф, Шоу, Фред, Погба, Матич (Гринвуд, 80), Лукаку, Рэшфорд.
Огоҳлантиришлар: Папастатопулос, 38. Матич, 68. Погба, 76. Колашинац, 90.
Ҳакам: Мосс.
10 март. Лондон. «Эмирейтс» стадиони.
Де Хеанинг хатоси
Оле Гуннар Сульшер «Манчестер Юнайтед»нинг рекордлар китобига ўз номини ёзишда давом этди. Кўпчилик Париждаги ғалаба эйфориясида бу ўйин «қизил иблислар» ўз тарихида илк марта қаторасига 9 сафар ўйинидаги ғалаба бўлганига эътибор бермади. Сульшернинг фантастик серияси декабрнинг иккинчи ярмида «Кардифф»да бошланганди ва бу сериянинг энг ёрқин ўйинларидан бири январда «Эмирейтс»да бўлганди, ўшанда «МЮ» «Арсенал»ни Англия Кубогидан чиқариб юборганди (3:1). Лекин бу сериянинг якунланишига ҳам Лондонда гувоҳ бўлдик.
Чемпионлар лигасига йўлланма берувчи тўртинчи ўриндан 4 очко ортда қолиш хавфида қолган Унаи Эмери жамоаси ўйинга жиддий тайёргарлик кўрди. «Парк де Пренс»даги ғалабадан сармаст манчестерликлар эса ҳарчанд ҳаракат қилишмасин, ўйинга бор эътиборини қарата олишмади. Ўйин мезбонларнинг кетма-кет ҳужумлари билан бошланди, меҳмонлар қарши ҳужумларда ҳаракат қилишди. Энг хавфли ҳужум дастлаб Бренд Лено қўриқлаётган дарвоза қаршисида юзага келди, германиялик дарвозабон Лукакунинг зарбаси қаршисида ожиз қолди, аммо тўп дарвоза тўсинидан қайтди. Кўп ўтмасдан манчестерликларни кўп ўйинларда қутқарган Давид Де Хеа қўпол хатога йўл қўйди, у Гранит Чаканинг жарима майдони ташқарисидан берган зарбаси траекториясига томошабин бўла олди, холос.
Зарба йўналтирилган вақтда чапга ташланиб қўйган испаниялик дарвозабон унинг йўналиши қандай ўзгаришини кузатиб туриш билан чекланди. Испаниялик дарвозабон кам хато қилади, лекин у АПЛда қаторасига учинчи ўйинда жарима майдони ташқарисидан берилган зарбани ўтказиб юбормоқда. У жорий мавсумда жами 6 марта жарима майдони ташқарисидан берилган зарбани ўтказиб юборган. Бу ўтган мавсумдагидан икки баробар кўп (ҳали мавсум якунигача яна 8 ўйин бор).
Агар у уялтирмаганида, биз ҳозир «МЮ» мезбонларни қандай тўхтатганини муҳокама қилаётган бўлардик. Сульшер «Арсенал» ҳужумкор ўйнашини ҳисобга олган ҳолда, 4-4-2 схемасини қўллади, чап қанотда Погба ва Шоу, ўнг қанотда Далот ва Янг ҳаракат қилдиди. «Арсенал»нинг қанотларида Эмери келгач, кам ўйин амалиётига эга бўлаётган Колашинац ва Беллерин мавсум охирига қадар сафдан чиқиши туфайли ўнг қанот ҳимоячисига айлантирилган Мэйтленд-Найлз ҳаракат қилди. Мэйтленд-Найлз бу ўйинга қадар ишончли ўйнамаётган, «Арсенал»нинг рақиблари аксар ҳужумларини унинг қанотидан уюштиришаётганди. Эмери 5-3-2 схемаси билан бошлади ва ўйин аввалидаги фаолликдан кейин ҳимояни мустаҳкамлади. Биринчи бўлимда дарвоза томон йўлланган ягона аниқ зарба - Чаканинг гол ургандаги зарбаси эди. «МЮ» эса ўйин давомида 14 бор зарба берди, шундан 4таси дарвоза соҳасига аниқ борди, яна 2таси дарвоза тўсинига ва устунига тегди.
Ленонинг мўъжизакор сэйвлари, Обамеянгнинг совуққонлиги
«Арсенал» бу ўйинда омад туфайли ғалабага эришди. Гол ўтказиб юборгач, манчестерликлар тўлиқ куч билан олдинга ташланишди, энди меҳмонлар ҳужумда, мезбонлар қарши ҳужумда ҳаракатланишарди. Лекин лондонликлар дарвозаси олдида уюштирилган ҳужумлар гоҳ дарвозабоннинг қаҳрамонликлари, гоҳ омад туфайли бесамар кетаверди. Вазиятлардан бирида Фреднинг кучли зарбаси дарвозабоннинг бармоқлари учларини силаб ўтиб, дарвоза устунига теккан ҳолда майдон ташқарисига йўналди, Лукаку ҳам голли сериясини давом эттириш учун яна қулай вазиятларга эга бўлди, аммо бельгиялик футболчи Монреаль ва Сократисни ортда қолдирди, аммо Лено тўпни унинг оёқлари остида қайтариб қолди.
«Арсенал»нинг қарши ҳужумлари эса бир неча марта лайнсмен байроғини кўтариб, офсайдни кўрсатиши туфайли тўхтатиб қолинди.
Биринчи бўлим охирида Рэшфорд жарима майдонида зарба беришга чоғланганида унинг зарбаси йўлига ташланган Чака бўлмаганида, бу сафар Лено ҳам қутқара олмаслиги мумкин эди. Бу вазиятда икки футболчи тўқнашиб кетди ва шифокорлар майдонга тушиб келиб, ўйинда танаффус юзага келди. Жамоалар биринчи бўлимда яна ҳужум қилишига вақт етмади.
«МЮ» Жозе Моуриньо давридан буён илк марта АПЛда рақибни ҳисобда қувишга мажбур бўлди. Балки, шунинг учундир Лукаку иккинчи бўлим бошида яккама-якка вазиятда Ленога яна мағлуб бўлди.
Германиялик дарвозабон бу сафарги сэйви билан навбатдаги ҳакамлик можароси юзага келишининг олдини олди. Бу вазиятда қанот ҳаками кичик офсайд ҳолатини сезмай қолганди.
Лено қутқаришда давом этди, навбатдаги сафар Рэшфорднинг оёқлари орасидан тўпни олиб қўйди. Ўтган турда «Тоттенҳэм» дарвозасига пенальтидан гол уролмасдан, жамоасини ғалабадан маҳрум этган Обамеянг эса бу сафар ҳам 11 метрлик нуқтага яқинлашди. Бу вазиятда Фред тўп билан олдинга ташланган Ляказеттга фол ишлатгач, Жонатан Мосс иккиланмасдан «нуқта»ни кўрсатди. Сульшер ва меҳмон футболчилар бу вазиятни пенальтига тортмайди, деб ҳисоблашди. Улар Ляказеттнинг оёғига зарба берилмаганини иддао қилишди, аммо ҳакам бу вазиятда бразилиялик яримҳимоячи рақибни қўллари билан туртганини ҳам ҳисобга олганди.
Габонлик ҳужумчи совуққанлик билан тўпни дарвозабон турган жойга йўналтирди, бу вақтда Де Хеа чапга сакраб бўлганди.
So who still thinks Pierre-Emerick Aubameyang shouldn't take penalties? pic.twitter.com/cdg6zLKItq
— Gare Kekeke (@garek80) 10 марта 2019 г.
Ўйинни дарвозабонларнинг ҳаракатлари ҳал қилди. Де Хеа ўйиннинг энг ёмон футболчиси бўлди.
Қутилишга уриниш
Иккинчи гол ўтказилгач, 71-дақиқада Сульшер Далот ўрнига Марсиялни майдонга ташлади ва жамоа 4-2-3-1 схемасига ўтди, Рэшфорд энди қанотга ўтказилди, Погба олдинга чиқарилди (Погба учун бу ўйин энг муваффақиятсиз ўйинлардан бири бўлди, режиссёрлар излаб топишмаса, мухлислар унинг майдонда бор-йўқлигини ҳам сезишмасди), Марсиял ҳужум марказига қўйилди. Эмери эса дарҳол «Арсенал»нинг ўйинини 5-4-1 схемасига ўтказди ва ўйиннинг қолган вақтида «МЮ» ҳеч нарса қила олмади. Меҳмонларнинг ҳужумларига шаррос қуйган ёмғир ҳам тўсқинлик қилди ва футболчилар қийналиб ҳаракат қила бошлашди, тиғиз ҳимояни ёриб ўтишнинг имкони бўлмади.
Сульшер ички турнирларда илк марта мағлуб бўлди - 12 ўйин давом этган мағлубиятсиз серияга якун ясалди.
Принципиал рақиби устидан ғалаба қозонган «канонирлар» уларни тўртинчи ўриндан тушириб юборди ва бу турда кутилмаганда «Саутҳемптон»га ютқазган «Тоттенҳэм» билан орадаги фарқни 1 очкогача қисқартирди. Энди «Арсенал»да 60, «МЮ»да 58 очко. Агар Азар ва жамоадошлари захирадаги «Брайтон»га қарши ўйинда ҳам ғалаба қозонишса, очколарини 60тага етказиб, 5-ўринга кўтарилади, «МЮ» эса Сульшер келишидан аввалги ўрнига қайтади.
Тур ўйинлари
Турнир тўпурарлари
Турнир жадвали
Мавзуга оид
12:26 / 04.11.2024
«Барса»ни тўхтатиб бўлмаяпти, «МЮ» ўзига келмоқда. Кун ўйинлари
12:33 / 03.11.2024
АПЛда сенсациялар куни, Ҳусановда илк қизил. Кун ўйинлари
16:20 / 02.11.2024
«МЮ»да янги бош мураббий. Клуб Рубен Аморимни танлашига 4 сабаб
14:31 / 02.11.2024