«Манчестер Юнайтед» расман Майкл Кэррикни истеъфога чиқарди ва яқин орада янги бош мураббий номи маълум бўлишини билдирди.

Октябр ойида «Борнмут» билан ўйинда учралган мағлубиятдан (0:3) кейин клуб раҳбарияти мураббийга халқаро танаффусгача вақт берганди. Аммо бу ёрдам бермади: «МЮ» кейинги ўйинларда «Челси»га ютқазди (0:2), Чемпионлар лигасида «Рома» билан ўйинда камбэк амалга оширди (3:2), ўтган дам олиш кунларида эса «Астон Вилла»га қарши ўйинда қўшимча дақиқаларда урилган икки гол эвазига мағлубиятдан қутулиб қолди (4:4).

«Юнайтед» АПЛнинг 10 туридан кейин турнир жадвалида атиги саккиз очко тўплаган ҳолда 18-поғонада жойлашган. Жамоанинг кейинги ўйини 22 ноябр куни «Энфилд»да «Ливерпул»га қарши бўлиб ўтади.

Ҳолбуки Кэррикнинг клуб қайтиши муваффақиятли кечганди. У январ ойида жамоани вақтинча бош мураббий сифатида Рубен Аморимдан қабул қилиб олгач, 17 ўйинда 12 ғалабага эришиб, «МЮ»ни Чемпионлар лигасига олиб чиққан, май ойида эса 2028 йил ёзига қадар амал қилувчи тўлақонли шартнома тузганди – аммо у янги мавсумда ярим йил ҳам ишлай олмади. Майкл – жамоанинг сўнгги икки йил ичида истеъфога чиқарилган учинчи мураббийига айланди. Клуб раҳбарияти 2024 йил 28 октябрида Эрик тен Ҳагни, 2026 йил 5 январида Аморимни ишдан бўшатганди.

Раҳбарият расмий эълонгача Кэррикни бу ҳақда огоҳлантирмаган

The Athletic нашри журналисти Дэвид Орнштейнга кўра, «МЮ» Кэррикни истеъфога чиқариш ҳақидаги қарорни душанба тонгидаёқ қабул қилиб бўлганди. Аммо бу ҳақда мураббийга хабар беришга шошилишмаган.

Майкл сўнгги кунлар мобайнида Каррингтонда ишлашда давом этган. У пайшанбагача футболчиларни шуғуллантирган, шундан кейин жамоа таътилга йўл олган. Пайшанба куни ҳам Майкл базага келган, фақат шундан кейингина клуб бош директори Омар Беррада ва спорт ишлари директори Жейсон Уилкокс унга ишдан бўшаганини билдиришган.

Чоршанба куни раҳбарият вакиллари Монакога бориб, Ineos бош директорлари йиғилишида иштирок этган. BBC журналисти Сами Мокбелга кўра, ўша йиғилишда якуний қарор қабул қилинган. Орнштейннинг сўзларига кўра, сафар олдиндан режалаштирилганди, Жим Рэтклифф қўл остидагиларга ўша ерда бўлишни буюрган. Журналистнинг фикрича, барибир Кэррик билан шахсан гаплашиб олиш тўғри бўларди: «Ҳеч бўлмаганда ҳурмат юзасидан».

talkSPORT нашри вакили Алекс Крук Кэррик чоршанба куни ҳам ўз истеъфоси ҳақида бехабар эди, бу вақтда эса барча манбалар Маурисио Почеттино билан келишувга эришиб бўлингани ҳақида хабар тарқатаётганди. The Athletic нашри журналисти Энди Миттен аниқлик киритди: бош директор Омар Беррада буни Майклга телефонда эмас, юзма-юз учрашувда билдирмоқчи бўлган. Крукнинг сўзларига кўра, футболчилар ҳам бу ҳақда кейинги мураббий ким бўлишидан хабардор эди.