Спорт | 16:42 / 14.03.2019
15669
10 дақиқада ўқилади

Эмери ҳалокат ёқасида, руслар ёки испанлар? Европа Лигасида яна 8та ўйин

Фото AFP

Бугун, 14 март оқшомида Европа Лигасининг 1/8 финали доирасида 8та жуфтлик жавоб учрашувларини ўтказади.

Ляказетт учун амнистия
«Арсенал» – «Ренн». 01.00. Биринчи ўйин – 1:3

«Канонирлар» Европа Лигасида плей-оффнинг иккинчи босқичини сафар ўйинидаги мағлубият билан бошлади. Аммо март ойидаги омадсизлик февралдагисидан фарқ қилади. Ўтган ойда БАТЭ билан сафар ўйинидаги 0:1 ҳисобидан чиқиб кетиш бирмунча осон эди. Энди эса сафарда гол урилган бўлсада, учта гол ўтказилган ва «Арсенал» нисбатан кучлироқ рақибга қарши ўйнашига тўғри келади. «Ренн» еврокубоклар тарихига лондонликларни ўз майдонида енгган илк француз клуби сифатида кириб бўлди. Инглизлардан фарқли равишда «Ренн» икки фронтда кураш олиб бормаяпти, ички биринчиликда бу жамоа турнир жадвали ўрталарида кетмоқда ва Жюльен Стефан жамоаси учун чемпионатда интрига деярли йўқ, шу сабабли французлар асосий эътиборни еврокубок ўйинига қаратишлари мумкин. 

«Ренн» турнирнинг 1/16 финалида «Бетис»ни сафарда 3:1 ҳисобида мағлуб этганди. Ўшанда французларнинг бир голи идеал даражадаги қарши ҳужумда урилган, бу ҳужумни Ньянг аъло даражада якунлаб берганди. Ушбу футболчи Лондондаги ўйинга дисквалификациясини ўтаб қайтмоқда. Ўз навбатида, ўзининг Англиядаги илк мавсумини совринсиз бошлаш хавфи остида қолган Унаи Эмери аввалги ўйинда майдондан четлатилган Сократис Папастопулоснинг ёрдамига умид қила олмайди. Аммо мезбонларда келажакка оптимизм билан қараш учун ҳам асос бор. Биринчидан, жамоа «МЮ»га қарши ўйинда ишончли ғалабага эришиб, кучли тўртликка қайтди ҳамда футболчиларнинг кайфияти зўр. Иккинчидан, УЕФА апелляция қўмитаси қарорига кўра, Ляказеттнинг дисквалификацияси муддати қисқарди ҳамда у бугунги ўйинда «Арсенал»нинг асосий кузири бўлиши мумкин. Бу ўйинда Мхитаряннинг майдонга тушиши тез вақтлар ичида аниқ бўлади.

Ҳужумчисиз қолган Спаллетти
«Интер» – «Айнтрахт» Ф. 01.00. Биринчи ўйин – 0:0

Аввалдан тахмин қилинганидек, турнирнинг бу босқичидаги энг жиддий қарама-қаршилик «Интер» ва «Айнтрахт» жуфтлигида кузатилмоқда. Ўтган ҳафтада бўлиб ўтган биринчи ўйинда итальянлар вазифанинг ярмини уддалашган ва турнирнинг энг ҳужумкор жамоасига гол уришга имкон бермаганди. Франкфуртдаги ўйинда немислар жамоасининг асосий футболчиларидан бири Ребич жароҳати туфайли иштирок эта олмаганди. Унинг ўрнига немислар жамоасига майдондаги бошқа бир хорватиялик футболчи, «Интер» яримҳимоячиси Брозович пенальтини аниқ ижро этолмасдан ёрдам бериб юборганди.

Бу зарба голга айланганида миланликлар уйга бутунлай хотиржам бўлиб қайтиши мумкин эди. Энди эса жавоб ўйинидан олдин мезбонлар ҳужум чизиғи билан боғлиқ муаммолар қаршисида қолган. Жамоанинг асосий тўпурари Мауро Икарди ҳамон сафга қайтмаган, бошқа бир аргентиналик ҳужумчи Лаутаро Мартинес эса дисквалификацияга учраган. Лучано Спаллетти бундай вазиятдан қандай қилиб чиқиб кетаркин? Мураббий ўйиндан олдин жамоа ҳеч қандай баҳона қилмасдан, ўйинга жиддий ёндашиши зарурлигини гапирди. У қанот ҳужумчиси Политанони марказга ўтказиши кутилмоқда. Ўтган мавсумда ушбу футболчи «Сассуоло» сафида майдон марказида ўйнаб, миланликларга жиддий муаммолар туғдирганди.

Анчелотти ва Сарри сенсацияларга қарши
«Динамо» К – «Челси». 22.55. Биринчи ўйин – 0:3
«Зальцбург» – «Наполи». 22.55. Биринчи ўйин – 0:3

Бир ҳафта олдинги ўйинда Виллиан Киевнинг «Динамо» клуби дарвозасига тўпни жойлаганида, Донецкнинг «Шахтёр» клуби сафида ушбу жамоага қарши ўйинларни, шунингдек, бир неча йил олдин «Челси» сафида ЕЧЛ доирасидаги ўйинларни ёдга олгандир. Икки йил аввалги ўзаро ўйинда «Челси» 2:1 ҳисобидаги ғалаба билан кифояланганди, бу мавсумда эса лондонликлар Киевга биринчи ўйиндаги яққол устунлик билан йўл олишган. Майдон эгаларида эса ўйин арафасида кадрлар билан боғлиқ муаммолар бор, Александр Хацкевич бу ўйинга дисквалификация туфайли Буялскийни, ҳали спорт формасига қайта олмаган Вербични ҳамда мавсум охирига қадар сафдан чиққан янги футболчиси Фран Солни қўя олмайди.

Агар мўъжиза юз бермаса, Маурисио Сарри жамоаси халқаро майдондаги юришини давом эттиради. Унинг собиқ жамоаси «Наполи»нинг ҳам ишлари жойида. Биринчи ўйинда итальянлар турнирнинг ўтган мавсумида яримфиналга чиққан «Зальцбург»га ҳеч қандай имконият қолдиришмаганди. Карло Анчелотти жамоасидан Австрияда ҳам 3та тўп фарқини йўққа чиқармаслиги талаб этилади, холос. Гарчи, жамоанинг икки марказий ҳимоячиси - Кулибали ва Максимович дисквалификация туфайли жавоб ўйинида ёрдам бера олмасада, жамоанинг чорак финалга чиқиш имкониятлари ёмон эмас. Австрияликлар бош мураббийи Марко Розе эса ўйиндан олдинги матбуот анжуманида «Ювентус»нинг «Атлетико» устидан иродали ғалабасини намуна сифатида келтириб, келажакка ишонч билан қараётганини айтиб ўтди.

Испанлар чоракфиналга йўл оладими русларми?
«Краснодар» – «Валенсия». 22:55  Биринчи ўйин – 1:2
«Вильярреал» – «Зенит». 01.00. Биринчи ўйин – 3:1.

Европа Лигасининг 1/8 финалида испанлардан 3та, руслардан 2та жамоа иштирок этмоқда. Бугун «Краснодар» «Валенсия»га қарши ўйинда кичик ҳисобдаги ғалаба эвазига ҳам кейинги босқичга чиқиши мумкин, «Зенит» эса «Вильярреал»га қарши кечадиган сафар учрашувида мураккаб вазиятдан чиқиб кетишга ҳаракат қилади - Сергей Семак шогирдлари ўтган ҳафтада ўз майдонида 1:3 ҳисобида мағлуб бўлганди.

Ички чемпионатда ҳам биринчи ўринда қулай ўрнашиб ололмаётган ва «Краснодар»нинг мунтазам таъқибида ҳаракатланаётган (орадаги фарқ 5 очко) питерликлар еврокубокдан чиқиб кетиш хавфи остида қолган. Ҳозирда «Зенит» мураббийи қаршисида 4та йўл бор.

Биринчиси. Семак энг кучли таркибни майдонга ташлайди. Жамоа керакли натижага эришиш учун бор кучини сарфлайди, лекин турнирни тарк этади. Асосий таркиб якшанба куни Россия чемпионати доирасида «Спартак»ка қарши ўйингача тиклана олмайди ва ютқазиб, пешқадамликни хавф остида қолдиради.

Иккинчиси. Семак энг кучли таркибни майдонга ташлайди. Жамоа мўъжизавий ўйин кўрсатиб, 3 гол уради ва (балки овертаймларда ўйнаб) чорак финалга чиқади. Бундай ўйин учун максимал даражада куч сарфланиб, «Спартак»ка қарши кечадиган муҳим ўйинга куч қолмайди.

Учинчиси. Семак захира футболчиларни ўйинга ташлайди, етакчиларга дам беради. Иккинчи таркиб футболчилари ҳаракат қилиб кўришади, аммо кутилганидек турнирни якунлаб беришади. Шу билан биргаликда, жамоанинг асосий футболчилари «Спартак»ка қарши ўйинга тайёр ҳолатда чиқишади. Журналистлар ва фанатлар Семакни Испанияда оқ байроқ кўтаргани учун бироз танқид қилишади, лекин Москвадаги ғалаба эвазига у кечирилади.

Тўртинчи. Семак учун энг ёмон вариант. Питерликлар Испанияда куч тежаса ҳам Москвада мағлуб бўлиши мумкин. Бу ҳолда Семак танқидлар бўронига учрайди - ундан икки ўйиндаги натижа учун ҳам изоҳ сўрай бошлашади.

1:3 жиддий ҳисоб. «Зенит»дан албатта 3 гол уриш талаб этилади. Лекин питерликлар бу мавсумда сафар ўйинларида сермаҳсуллик кўрсата олишмаган, фақат бир марта Астрахандаги ўйинда 3 гол урилган. 

Хорватлар русларга ёрдам берадими?
«Славия» Пр – «Севилья».
 01.00. Биринчи ўйин – 2:2
«Бенфика» – «Динамо» З. 01.00. Биринчи ўйин – 0:1

Бу жуфтликлардан сюрпризлар кутиш мумкин. Айниқса, Прагадаги ўйиндан. Гарчи, «Севилья» бош мураббийи Пабло Мачин Испаниядаги биринчи ўйин натижаси ўз жамоаси учун ҳал қилувчи бўлмаганини айтаётган бўлсада, жамоа «Рамон Санчес Писхуан»даги 2:2 ҳисобидан кейин турнирни тарк этиш хавфи остида қолган. Якшанба куни севильяликлар «Реал Сосьедад»га қарши ажойиб ўйин кўрсатишди ва 5:2 ҳисобида ғалаба қозонишди, Бен Йеддер ҳет-трик муаллифи бўлди, бундай натижадан кейин келган илҳом билан «тоғни ағдариш» мумкин. Бу ўйинда «Севилья» дарвозабони Вацлик ўз ватандошларига қарши ўйнайди, у бир неча йил олдин пойтахтнинг бошқа бир жамоаси «Спарта» шарафини ҳимоя қилганди.

Загребнинг «Динамо»си қаршисида ҳам қийин топшириқ турибди. Хорватлар Португалиядаги жавоб ўйинида кичик ҳисобдаги устунликни сақлаб қолишлари талаб этилади. Агар жамоа «Да Луж»да вазифани уддалай олишса, бу футбол мухлислари томонидан Хорватия терма жамоаси 2008 йилда Англияни «Уэмбли»да мағлуб этгани билан тенглаштирши мумкин. Ўшанда шахмат йўллилар Россияни 2008 йилги Европа чемпионатига ўзлари билан олиб кетишганди. Бу сафар эса «Бенфика»ни турнирдан чиқариб юбориш орқали «Динамо» рус клубларининг УЕФА рейтингида португал клубларини ортда қолдиришини таъминлаши мумкин. Загребликларнинг имконияти юқори эмас, лекин бу мавсумда «Бенфика»да ҳам пасайиш кузатилмоқда, якшанба куни лиссабонликлар «Беленесеш»га қарши ўйинда 2та тўп устунлигини сақлаб қололмади (2:2) ва чемпионлик истиқболларини хавф остига қўйди.

Мавзуга оид