Шанба куни АПЛда 8-тур учрашувлари давом эттирилди.

«Астон Вилла» – «Манчестер Сити» 2:1
Голлар: Жексон, 6 (1:0). Ҳоланд, 52 (1:1). Жексон, 60 (2:1)
«Астон Вилла»: Судзуки, Линделёф, Пау Торрес, Матсен, Кэш, Камара, Гомес (Горецка, 82), Макгинн (Баркли, 66), Манзамби (Буэндия, 66), Алиссон (Мбай, 59), Жексон (Маджо, 82)
«Манчестер Сити»: Доннарумма, Рубен Диаш, Гейи (Люис, 46), Гвардиол, Ҳусанов, Андерсон, Фернандес, Шерки (Фоден, 46), Доку, Ндиай (Макайду, 69), Ҳоланд
Огоҳлантиришлар: Манзамби, 54. Кэш, 55. Маджо, 83. Буэндия, 90+5, 90 – Гейи, 32. Шерки, 38. Андерсон, 74. Макайду, 76

Унаи Эмери жамоаси ўтган йили молиявий қийинчиликлар туфайли ёзда трансферлар қила олмаган ва мавсумни жуда ёмон бошлаганди. Аммо якунда Европа Лигасида ғолиб чиқди ва ЕЧЛга йўлланма қўлга киритилди. Бу ёзда таркибни Уоткинс, Роджерс, Тилеманс, Мартинес, Конса каби етакчи футболчилар тарк этишди ва бирмингҳэмликларда яна ёмон старт қайд этилди – дастлабки тўрт ўйинда атиги битта дуранг. Аммо таркибни янгилаган «Астон Вилла» аста-секинлик билан ўзига келди, жамоа ўйинида енгиллик пайдо бўлди, кейинги тўрт ўйинда уч ғалаба ва бир дурангга эришилди.

Эмери қўл остида суперҳужумчига айланган Николас Жексон шанба оқшомидаги ўйиннинг асосий қаҳрамонига айланди. Аввалига ўйин стартида Гейи ўз жамоаси жарима майдони яқинида тўпни олдирди ва Макгинндан пас қабул қилиб олган ҳужумчи жарима майдони ичида Андерсонни бир финт билан доғда қолдириб, тўсин остига қайтариб бўлмас зарба йўллади.

Лекин тезкор гол «Манчестер Сити»га қарши ўйинда ҳеч нарсани кафолатлай олмасди. Биринчи бўлим давомида Ндиайе мезбонлар мудофаасига даҳшат солиб турди, ҳатто шу куни бошланғич таркибга қайтган Абдуқодир Ҳусанов мунтазам равишда олдинга чиқиб, ҳужумларда фаол иштирок этди, аммо Судзуки ва дарвоза устуни ҳисобдаги минимал устунликни сақлаб қолди.

Иккинчи бўлим бошида эса айнан Илиман қанотдан оширган тўпни жарима майдони марказида ҳаммадан баланд сакраган Ҳоланд дарвоза тўрига жойлаб, ҳисобни тенглаштирди. Меҳмонлар кейинги ҳужумда ҳисобда олдинга чиқиб олиши мумкин эди, аммо Судзуки Гвардиолга яқин масофадан гол уришга имкон бермади. Бироз ўтиб Доку ҳам ўз имкониятидан фойдалана олмади ва шундан кейин ташаббус яна «Вилла»га қайтди. 60-дақиқада Жексон тўпни ўнг қанотда олдинга югурган Мбайега етказди ва жарима майдонига кириб бориб, ўзига қайтган тўпни дарвоза тўрига йўллади. Доннарумма ўзи турган жойга келган тўпни ўтказиб юборди.