Жомбойда темурийлар даврида зарб этилган тангалар топилди
«Жомбой тумани ҳудудида олис ўтмиш ёдгорликлари бўлган тепаликлар кўп. Ана шундайларидан бири — «Ногаҳон» маҳалласидаги Яконшайх қабристони ёнидаги тепаликни қазиш чоғида қадимий тангалар топилибди», деб ёзади «Жомбой тонги» газетаси.
Маҳаллий аҳолининг айтишича, Пайариқ туманидаги Имом ал-Бухорий ёдгорлик мажмуи қурилиши учун бу ердан тупроқ олиб кетилган. Орадан кўп ўтмай, қазишма жойидан қадимий сопол парчалари, мис тангалар топиб олинган.
Нашр журналисти Орифжон Одиловнинг ёзишича, тангалар шаклан бир хил эмас. Қирраси аниқ тартибга солинмаган. Сиртидаги матнларга қараганда, бир неча туркумга мансуб.
Тахмин қилинишича, тангалар темурийлар даврига оид. Чунки, уларнинг бирида сезилар-сезилмас 896 санаси қайд этилган. Катта эҳтимол билан ҳижрий-қамарий йил бўйича зарб этилган вақтга ишора қилса керак. Милодий ҳисобда бу 1491 йилга тўғри келади. Бу даврда Мовароуннаҳрда темурийлар ҳукмронлик қиларди.
Бошқа тангаларда рақамлар учрамайди. Нақшинкор арабеска услубидаги матнларда «филс» ва «Аллоҳ» сўзлари ажралиб турибди.
Марказий Осиё нумизматикасини муфассал ўрганган олим Ирпан Тухтиев «Темур ва темурийлар сулоласининг тангалари» рисоласида «Амир Темур тангаларида биз арабча, форсча, туркча ва мўғулча сўзларни ўқиймиз», деб ёзади. Фикрини давом эттириб, темурийлар тангасида форсча «зарб» сўзи кўп қўлланганини таъкидлайди. Эътиборлиси, тумандан топилган тангаларда ҳам шунга ўхшаш матн учрайди.
«Булар, албатта, тахминий фикрлар. Асосийси, Жомбой туманида олти-етти аср аввал ҳам ижтимоий-маданий ҳаёт куртаклари бўлган. Савдо-сотиқ, пул муомаласи ривожланган. Ушбу топилма яна бир нарсани англатади: тепаликлар ҳақиқатан ҳам муҳим тарихий аҳамиятга эга. Уларни тартибсиз тасарруф этиш ярамайди», деб ўз фикрини якунлаган журналист.
Мавзуга оид
07:50 / 21.09.2024
Ўзбекистонда 263 дона қадимий тангани Туркияга яширинча олиб кетаётган шахс ушланди
11:40 / 13.07.2024
Македонский даврига оид қадимий тангани Ўзбекистондан яширинча олиб кетишга уринган хитойлик қўлга олинди
13:02 / 06.06.2023
Тошкентда 1902 йилги олтин тангани 100 минг долларга сотмоқчи бўлган шахслар ушланди
16:14 / 23.02.2023