Ички ишлар вазирлиги жазони ижро этиш муассасаларида маҳкумлар билан узоқ муддатли учрашувлар, масофавий видеомулоқот ва телефон орқали суҳбатлашиш учун янги тарифлар жорий этилиши кўзда тутилган қарор лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйди.

Қарор иловасида келтирилган низом лойиҳасига кўра, янги тарифлар тўлов амалга оширилган кунда амалда бўлган базавий ҳисоблаш миқдоридан келиб чиқиб ҳисобланади.

Узоқ муддатли учрашув хонасидан фойдаланганлик учун бир суткага қуйидаги миқдорларда тўлов ундирилади:

икки кишилик хона учун – БҲМнинг 20 фоизи;

уч кишилик хона учун – БҲМнинг 25 фоизи;

тўрт кишилик хона учун – БҲМнинг 30 фоизи.

Амалдаги тарифларда бу миқдор 2 кишилик хона учун БҲМнинг 5 фоизи, 3 кишилик хона учун — 10 фоизи, 4 кишилик хона учун 15 фозини ташкил этади.

Узоқ муддатли учрашув хонасидан бир суткадан кам муддат фойдаланилган тақдирда ҳам тўлов бир сутка учун белгиланган тариф миқдорида амалга оширилади.

Масофали видеоучрашув ва телефон сўзлашувларидан фойдаланганлик учун ҳар бир дақиқага қуйидаги миқдорларда тўлов белгиланади:

масофали видеоучрашув учун – БҲМнинг 0,5 фоизи;

телефон сўзлашуви учун – БҲМнинг 0,1 фоизи;

Масофали видеоучрашув ва телефон сўзлашувларидан амалда фойдаланилган вақт “Қалъа” марказлашган ахборот тизими орқали автоматик равишда қайд этилади. Тўлиқ бўлмаган дақиқа учун тўлов амалда фойдаланилган вақтга мутаносиб равишда ҳисобланади.

Узоқ муддатли учрашув хонасидан фойдаланиш учун тўлов учрашув бошлангунига қадар тўловчи томонидан нақд пулсиз шаклда, шу жумладан банк карталари, электрон тўлов тизимлари ёки қонунчиликда тақиқланмаган бошқа тўлов воситалари орқали амалга оширилади. Муассаса ходимлари томонидан нақд пул маблағларини қабул қилишга йўл қўйилмайди.

Масофали видеоучрашув ва телефон сўзлашувларини ташкил этишдан тушган маблағлар бундай алоқани таъминловчи қурилмалар, серверлар, тармоқ ва телекоммуникация ускуналари ҳамда бошқа техник воситаларни соз ҳолатда сақлаш ва уларга техник хизмат кўрсатишга, алоқа тизими, маълумотларни узатиш тармоқлари ва ҳимояланган алоқа каналларидан фойдаланиш билан боғлиқ харажатларни қоплашга, ахборот ва киберхавфсизликни таъминлаш, шу жумладан ахборотни ҳимоя қилиш воситаларини харид қилиш, жорий этиш ва янгилашга сарфланади.