Андижон вилояти божхона бошқармасининг «Дўстлик» чегара божхона постида қўшни давлатдан Ўзбекистонга кириб келган, хорижий давлат фуқароси бошқарувидаги автотранспорт воситаси белгиланган тартибда божхона кўригидан ўтказилди.

Кўрик давомида божхона ходимининг оғзаки сўровида маълум қилинмаган ҳамда йўловчи божхона декларациясида кўрсатилмаган, автомобил олд чап эшиги ва орқа юкхона эшиги оралиғидаги бўшлиқларга аввалдан яшириб жойлаштирилган ампула кўринишидаги дори воситалари борлиги аниқланди.

Жами 350 дона ампула кўринишидаги дори воситаларининг уч тури таркибида Ўзбекистонда кучли таъсир қилувчи моддалар рўйхатига киритилган «дростанолон», «тренболон» ва «нандролон» моддалари мавжудлиги аниқланди.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан тегишли тартибда суриштирув ишлари олиб борилмоқда.