"Юксалиш" умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда рус тилига Ўзбекистонда расмий тил мақомини бериш ҳақидаги мунозаралар юзасидан баёнот билан чиқди.

Маълумот учун: ЮНЕСКО ташкилоти экспертлари 1953 йилда “давлат тили” ва “расмий тил” тушунчаларини фарқлашни таклиф этган. Унга кўра:

Давлат тили - сиёсий, ижтимоий ва маданий соҳаларда маълум бир давлатда интеграция (бирлаштирувчи) вазифасини амалга оширадиган, шунингдек ушбу давлатнинг рамзи саналадиган тилдир.

Расмий тил – давлат бошқаруви, қонунчилик, суд жараёни тилидир.

Ушбу икки таъриф тушунтириш-тавсия сифатида қабул қилинади, барча мамлакатлар учун мажбурий эмас.

Ўзбекистон – кўп миллатлик давлат. Республикада 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари истиқомат қилади. 

Ўзбекистон аҳолисининг 80 фоиздан ортиғини ўзбеклар ташкил этиб, уларнинг умумий аҳоли сонидаги улуши мунтазам ошиб бормоқда. Шунингдек, бошқа миллатларнинг катта жамоалари ҳам мавжуд. 10 фоиздан ортиғи – Марказий Осиё халқларининг бошқа вакиллари (5 фоизга яқини – тожиклар, 3 фоизга яқини – қозоқлар, 2 фоизи – қорақалпоқлар, 1 фоизи - қирғизлар, шунингдек туркманлар ва бошқалар). Рус ва бошқа славян халқлари вакиллари республика аҳолисининг 10 фоизини ташкил қилади.

Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили тўғрисида”ги Қонунига (янги таҳрир) мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир. Ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши республика ҳудудида яшовчи миллат ва элатларнинг ўз она тилини қўллашдан иборат конституциявий ҳуқуқларига монелик қилмайди. Фуқаролар миллатлараро муомала тилини ўз хоҳишларига кўра танлаш ҳуқуқига эгадирлар.

Шу билан бирга, Ўзбекистонда истиқомат қилувчи барча миллат ва элат тилларига ҳурмат кўрсатилади ва уларнинг ривожи учун шароитлар яратади. Оммавий ахборот воситалари Ўзбекистонда истиқомат қилувчи миллат ва элатларнинг бир неча тилларида эфирга узатилади ва чоп этилади.

Шунингдек, иш юритиш ва кундалик фойдаланишда тилларни танлаш ва ишлатиш билан боғлиқ муаммолар мавжуд эмас. “Давлат тили тўғрисида”ги Қонунга биноан корхоналарда иш юритиш ва бошқа ҳужжатлар, нотариал ҳаракатлар давлат тилида амалга оширилади, зарур ҳолларда рус тилида ёки бошқа тилларда амалга оширилиши ҳам мумкин. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида яшовчи шахсларга давлат ташкилотлари ва муассасаларига, жамоат бирлашмаларига аризалар, таклифлар, шикоятлар билан давлат тилида ва бошқа тилларда мурожаат қилиш ҳуқуқи таъминланади.