Корнелл университети муҳандислик мактаби профессори Роб Шеперд олдига океанни ўрганиш учун йирик, кам сезиладиган сувости роботини яратиш вазифаси қўйилган. АҚШ Ҳарбий-денгиз тадқиқотлари бошқармаси буюртмаси асосида ишлаб чиқилаётган қурилма денгиз ҳайвонларини ҳуркитмасдан ҳаракатланиши керак.
Шеперд бунинг учун табиатдаги ноодатий намунани — чуқур сувларда яшайдиган селд қиролини танлади. Тасмасимон танасининг узунлиги қарийб саккиз метрга етиши мумкин бўлган бу балиқ «Қиёмат балиғи» лақаби билан ҳам машҳур.
Танасини деярли қимирлатмасдан сузади
Узун танали денгиз жонзотларининг аксарияти илонбалиққа ўхшаб, бутун гавдасини эгиб ҳаракатланади. Селд қироли эса танасини деярли бир ҳолатда ушлаб туради.
Уни олдинга ёки орқага силжитадиган асосий аъзо — орқаси бўйлаб чўзилган узун сузгичидир. Ушбу сузгичда узлуксиз ҳосил бўладиган тўлқинсимон ҳаракатлар балиққа шовқинсиз сузиш ва йўналишини аниқ бошқариш имконини беради.
Бу механизм қандай ишлашини аниқлаш учун Шеперд Корнелл университетининг собиқ ихтиологи Уилли Бемис билан ҳамкорлик қилган.
Селд қиролининг бутун ва шикастланмаган намунасини ўрганиш жуда қийин. Чунки балиқ ўлганидан кейин унинг танаси одатда мўрт бўлакларга ажралиб кетади. Шу сабабли тадқиқотчилар компьютер томографияси, Смитсон институтидаги рентген тасвирлари ва батафсил анатомик текширувлардан фойдаланган.
Тери остидаги юзлаб «жойстиклар»
Тадқиқот давомида олимлар балиқ териси остида яширинган мураккаб табиий механизмни аниқлаган. Орқа сузгичнинг юзлаб суяксимон таянч нурлари махсус шарсимон бўғимларга бириккан бўлиб, улар митти «жойстиклар» каби ишлайди.
Ҳар бир нур алоҳида мушаклар ва тоғайлар тизими ёрдамида ҳаракатга келади. Бу тузилиш сузгичнинг ҳар бир қисмига турли йўналишларда бурилиш имконини беради.
Нурларни бирлаштириб турувчи парда эса бир вақтнинг ўзида қарама-қарши йўналишлардаги ҳаракат тўлқинларини узата олади. Натижада балиқ танасини эгмасдан, тезлиги ва ҳаракат йўналишини деярли бир зумда ўзгартиради.
Олимларнинг қайд этишича, тасмасимон сузгич ёрдамида сузиш усули эволюция давомида суякли балиқларда бир-биридан мустақил равишда тахминан ўн марта пайдо бўлган. Бироқ айнан селд қиролида «жойстик»ка ўхшаб буриладиган сузгич нурлари мавжудлиги илк бор ушбу тадқиқотда ҳужжатлаштирилган.








