Адабиётшунос олим Зуҳриддин Исомиддинов ўзбек тилининг чинакам давлат тилига айланишига монелик қилаётган омиллар ҳақида фикрларини билдирди.

Биз ўзбеклар, яқинда рус адабиётининг 100 жилдлигини она тилимизда чоп этишга қўл урдик. Биз ўзбеклар, мамлакатимизда Рус маданияти маркази таъсис этилганининг 25 йиллигини яқинда зўр шукуҳ билан нишонладик.

Биз ўзбеклар, дунё аҳолисининг атиги ярим фоизини ташкил этсак-да, бағрикенг, кўнгли очиқ бир эл эканимиз аҳли оламга яхши маълум. Чунки сабр-қаноат, муросаи мадора деган нарса қонимизга сингиб кетган. Гарчи «Ғалчани иззат қилсанг, чориғи билан тўрга чиқади», каби аччиқ мақолларимиз бўлса-да, бетамизларнинг тўрга чиқиб ёйилиб ўтиришига ҳам мудом чидаб келамиз. Қўрқувни, истиҳолани андиша деб андавалаймиз.

Бўлмаса, минг йиллик тарихга эга, бой ва рангин она тилимизни уч йил ичидаёқ чинакам давлат тили қилиб олмасмидик? Ўттиз йил бўляпти-я?

Даъвогар суст бўлса, қози муттаҳам бўлар эмиш. Миллий менталитетимиздаги «оғир-вазмин», «етти ўлчаб, бир кесадиган» деб мақтови келиштириладиган сусткашлигимиз, агар қўйиб берилса, энди ўзимизнинг зиёнимизга хизмат қилиб қоладиган ҳам кўринади.

Гап шундаки, куни кеча аллақайси раҳнамоларининг даъватими, рағбатими билан, бир гуруҳ шахслар Ўзбекистонда рус тилини расмий тил даражасига кўтариш, «Давлат тили ҳақида»ги қонунга ўзгартиш киритиб, унга ўзбек тили каби ҳуқуқий мақом бериш таклифи билан чиқиб бонг урибдилар. Ўрмондаги дарахтларни қийратаётган болтадан омонлик йўқ, чунки унинг сопи ҳам бошқа эмас – ёғоч, деганларидай, ўзимиздан чиққан бу «узбек» зиёлилар ўз ташаббуслари Ўзбекистонда рус тили мавқеини юксалтиришга бел боғлаб (рус тили шунга зорми?), «Тимур Пулатов, Раим Фарҳодий, Сабит Мадалиев, Суҳбат Афлотуний, Бах Аҳмедов ва бошқа адибларнинг «прекрасний рус тилида» асар ёзишларини далил сифатида пешкаш қилишибди.

Бироқ шуларга замондош, уларнинг назарида «унча прекрасний бўлмаган» ўзбек тилида асар ёзишса-да, бу мақталган ўрисзабон адиблардан ижоди чандон юқори турадиган Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Тоғай Мурод ва бошқа ўнлаб шоир-ёзувчилар эса, эсларига ҳам келмабди! Чунки бу ҳақиқат уларнинг даъволарига тўғаноқ бўлади-да.

Бугина эмас. Рус тилига Ўзбекистонда расмий тил мақомини бериш миллий давлатчилик илдизига ҳам путур етказишга олиб келишидан, балки бу муҳтарам зотларнинг хабарлари йўқдир. Зеро, ҳар қандай давлатнинг негизида тил туради, ҳар бир тил, каттами-кичикми, қадимийми-ёшми, бойми-камбағалми — бундан қатъи назар, бир давлат тузиш салоҳиятига эга, аммо дунёнинг энг катта, қудратли давлатлари ҳам биронта тилни пайдо қилишдан ожиз. Тил шундай мўъжиза нарса.