Еврокубоклардаги ажойиб ярим финаллардан сўнг, яна ички чемпионатларга қайтамиз. Бу ҳафта кучли бешликдаги сўнгги икки лигада ҳам чемпион аниқланиши мумкин.
АНГЛИЯ
Ҳар икки еврокубокда ҳам инглиз жамоалари финалга чиққанликларини ҳисобга олсак, инглизча тўқнашувлар давом этади. Якшанба куни эса, навбатдаги Англия чемпионати ниҳоясига етади. Қизиқ тарафи, мавсумнинг энг муҳим саволига ҳали ҳам жавоб топилмаган – чемпион ким?
Атиги бир ҳафта олдин йил омадсизи деб тилга олинган «Ливерпуль» шундай отга чиқиб олдики, «Сити»нинг биргина хатоси Клопп жамоасини энг муваффақиятли якунга етаклаши мумкин. «Брайтон»га сафар қиладиган Пеп Гвардиола шогирдлари пешқадамликни сақлаб қолиш ва сўнгги 7 йилда тўртинчи бор шоҳсупага чиқиш учун ғалаба қозонишлари шарт. Сўнгги ўйинлар «шаҳарликлар»га анча оғир келаётганини ҳисобга олсак, бу осон бўлмайди. Қизиғи, «Бёрнли» билан ҳам, «Лестер»га қарши ўйинда ҳам ҳал қилувчи голлар янги юлдузлар эмас, эски гвардия – Агуэро ва Компани ҳисобига ёзилди. Яна бир муҳим гол муаллифи, агар бўлса, ким бўларкин?
«Олинг-олинг»га айланиб кетган кучли тўртлик учун кураш эса деярли ҳал бўлди. «Манчестер Юнайтед» келаси йилда Европа Лигасида тўп суриши аниқ бўлган. Охирги тур арафасида бешинчи ўринда жойлашган «Арсенал»да ЕЧЛга чиқиш учун яна иккита имконият бор. Биринчиси, айни вақтда АПЛнинг тўртинчи ўрнида жойлашган «Тоттенҳэм» сўнгги турда «Эвертон»га қарши уй учрашувида тўрт гол фарқи билан ютқазиши, «Арсенал» эса шунча гол устунлигида сафарда «Бёрнли»ни ютиши керак бўлади. Иккинчиси, реалроқ, агар «канонирлар» Европа Лигаси финалида ЕЧЛ йўлланмасини АПЛ орқали қўлга киритиб бўлган «Челси» устидан ғалаба қозонса, АПЛдан бешинчи жамоа сифатида Европа Чемпионлар Лигасида тўп суради.
Лигани тарк этадиган жамоалар аниқ бўлиб улгурган – «Кардифф», «Фулҳэм», «Ҳаддерсфилд».

ИСПАНИЯ
Испанияда дастлабки уч ўрин соҳиблари ўзгармаса керак. Фақат «Реал» ва «Атлетико»нинг ўрни алмашиши мумкин, унинг учун Симеоне шогирдлари икки ўйинни ҳам ютқазиши, «Реал» эса икки ўйинни ҳам ютиши керак бўлади. Бунга ишониш қийин.
Аммо Мадриднинг учинчи жамоаси – «Хетафе»да тарихда илк марта ЕЧЛда иштирок этиш имконияти бор. Мадридликлар «Валенсия» ва «Севилья»ни уч очкога ортда қолдирган ҳолда, ҳозир тўртликни банд қилиб туришибди. Аммо жамоанинг сўнгги сафари Барселонага бўлади. Каталонияликлар «Энфилд»даги «шапалоқ»дан кейин, мавсумни тугатиб қўя қоладиларми ёки чиройли ғалаба билан мухлислардан узр сўрайдиларми, шудир масала. Фақат бу ўйинда Луис Суарес иштирок этмаслиги ҳозирдан маълум.




















