Ўзбекистон Республикаси президенти “Тошкент шаҳрида “Д.И.Менделеев номидаги Россия кимё-технология университети” Федерал давлат бюджети олий таълим муассасаси филиалини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни ЎзА томонидан келтирилган.
Қарор билан Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, “Ўзкимёсаноат” АЖ ва “Д.И.Менделеев номидаги Россия кимё-технология университети” Федерал давлат бюджети олий таълим муассасасининг (Россия Федерацияси) Тошкент шаҳрида “Д.И.Менделеев номидаги Россия кимё-технология университети” Федерал давлат бюджети олий таълим муассасаси филиалини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилди.
Қуйидагилар Филиал фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгиланди:
республиканинг саноат тармоқларидаги муҳим илмий-технологик вазифаларни ҳал этишга қодир бўлган юқори малакали муҳандис-техник кадрларни халқаро таълим стандартларига мувофиқ тайёрлаш;
наноматериаллар кимёвий технологияси, материалшунослик ва материалларни коррозиядан сақлаш, материалларга бадиий ишлов бериш технологияси ва саноат ишлаб чиқаришининг бошқа соҳаларида фундаментал ва амалий илмий тадқиқотлар олиб бориш;
таълим ҳамда илм-фаннинг узлуксизлиги ва изчиллиги, шунингдек, уларни жаҳон таълими ва илм-фани ҳамжамиятига интеграция қилиш ҳисобига мутахассислар ва илмий-педагогик кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш;
муҳандис-техник ва илмий кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ва модернизация қилишга йўналтирилган янги таълим дастурлари ҳамда ўқитиш шаклларини ишлаб чиқиш ва татбиқ этиш;
таълим, илм-фан ва ишлаб чиқаришнинг яқин интеграциялашуви учун шарт-шароитлар яратиш;
илмий-педагогик салоҳиятнинг ривожланишини қўллаб-қувватлаш, педагогик технологиялар ва ўқитиш усулларини фаол такомиллаштириш;
таълим ҳамда илмий-техникавий соҳаларда хорижий мамлакатларнинг етакчи таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари ва бизнес ҳамжамияти билан узоқ муддатли муносабатларни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш.
Белгиланишича:
Филиал Университетнинг алоҳида таркибий бўлинмаси – олий таълим муассасаси ҳисобланади;
Филиал, Университет билан келишган ҳолда, таълимнинг бакалавриат йўналишлари ва магистратура мутахассисликларининг кадрларга бўлган эҳтиёжини ҳисобга олиб, барча даражалардаги мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш, малакасини ошириш, шу жумладан, илмий-педагог кадрларни тайёрлаш ишларини амалга оширади;
















