Спорт | 10:10 / 07.07.2019
12719
2 дақиқада ўқилади

Универсиада-2019: Ўзбекистон терма жамоаси ҳисобидаги медаллар сони 4тага етди

Италиянинг Неаполь шаҳрида Бутунжаҳон талабалари ўртасида ўтказилаётган Универсиада-2019 ўйинлари давом этмоқда. Мусобақанинг якунига етган навбатдаги кун дастури ҳам Ўзбекистон терма жамоаси учун омадли келди.

Ушбу кун доирасида баҳс олиб борган дзюдочиларнинг икки нафари - Диёра Келдиёрова (-52 кг) ҳамда Давлат Бобонов (мутлақ вазн) терма жамоамиз ҳисобига яна 2 бронза медалини ёзиб қўйишди.

-52 кг вазн тоифасида ўтказилган баҳсларда иштирок этган Келдиёрова мусобақадаги иштирокини иккинчи даврадан бошлаб, дастлаб литвалик Гинтаут Марсилионитни мағлубиятга учратди. Учинчи давра беллашувида кореялик Да Сол Паркка имкониятни бой бериб қўйган Келдиёрова бронза медали учун кечган ўтиш баҳсларида Бразилия, Португалия ва Мўғулистон вакилларидан устунлик қилди. Учинчи ўрин учун кечган баҳсда германиялик Анника Вурфелни мағлубиятга учратган Диёра универсиаданинг бронза медалини қўлга киритди.

Дастлабки босқичларда кореялик Мин Жонг Ким ва словакиялик Матей Хажасдан устун келган Бобонов чорак финалда қозоғистонлик Галимжан Крикбайга имкониятни бой бериб қўйди. Бронза медали учун кечган ўтиш баҳсларида германиялик ва польшалик полвонлардан устун келган спортчимиз учинчи ўрин учун озарбойжонлик Рустам Коцойевга қарши татамига чиқди.

Ҳал қилувчи баҳсни ишонч билан бошлаган Давлат машҳур дзюдочини дастлабки дақиқадаёқ иппон, яъни соф ғалаба ҳисобига мағлуб этиб, Ўзбекистон делегацияси ҳисобига тўртинчи медални қўшиб қўйди.

Эслатиб ўтамиз, бундан аввалги 2 кунда ҳам айнан дзюдочилар, Муҳаммадкарим Хуррамов (+90 кг) ва Ҳикматилло Тўраев (-73 кг) иккита бронза медални терма жамоа ҳисобига тақдим қилишган эди.

Эндиликда Ўзбекистон терма жамоасининг Универсиадада жамғарган медаллари сони 4та бронзани ташкил қилмоқда.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид