«Ўзтемирйўлйўловчи» АЖ поездларда сервис хизматини ошириш бўйича тур-компаниялар билан мулоқот ўтказди
Тошкент марказий темир йўл вокзалида «Ўзтемирйўлйўловчи» АЖ ҳамда 15 дан зиёд туристик компаниялар мутасаддилари иштирокида сайёҳларга қўшимча қулайликлар яратиш масаласида тадбир бўлиб ўтди.
Унда «Ўзтемирйўлйўловчи» АЖ раҳбарияти томонидан иштирокчиларга тизимда амалга оширилаётган ислоҳотлар, йўловчиларга яратилаётган қулайликлар ҳамда келгусидаги режалар ҳақида маълумотлар берилди. Жумладан, «Ўзтемирйўлйўловчи» АЖ томонидан 5 йилга мўлжалланган концепция ишлаб чиқилган бўлиб, жорий йил охирига қадар 50 та янги, барча қулайликларга эга бўлган йўловчи вагонлари сотиб олинади. 2020 йилда эса хориждан яна 2 та юқори тезликда ҳаракатланувчи «Афросиёб» замонавий поезди ҳамда қўшимча 4 та эконом класс вагони олиб келинади. Таъкидланишича, айни кунда республикадаги мавжуд вокзалларда, айниқса, сайёҳлар кўп ташриф буюрувчи қадимий шаҳарлар вокзалларида йўловчилар учун барча қулайликлар яратилган. Бундан ташқари, Хива вокзалининг ёнида замонавий «Хива-Локомотив» меҳмонхонаси қуриб фойдаланишга топширилди. Жорий йил сентябрь ойигача ушбу худудда яна иккита замонавий меҳмонхонанинг қурилиши тугатилиб, фойдаланишга топширилиши кўзда тутилган.
Мулоқот чоғида тур-компаниялар мутахассислари ўзлари дуч келаётган долзарб масалалар, чипта харид қилиш, чипталарни олдиндан брон қилиш, сервис хизматлари кўсатиш каби масалалар юзасидан фикр мулоҳазалар ва ўз таклифларини билдирдилар.
«Ўзтемирйўлйўловчи» АЖ раҳбарияти бу масала юзасидан атрофлича сўз юритиб, тур-компаниялар фаолиятини янада енгиллаштирадиган қатор янгиликлар ҳақида маълумот бериб ўтди. Яқин кунларда фойдаланувчилар сайт орқали электрон тижорат операцияларини осонлик билан амалга оширишлари мумкин бўлади.
Яна бир муҳим янгиликлардан бири сайтда туристик компанияларнинг шахсий кабинети бўлади. Тур-компаниялар ўз мижозларига чипта буюртма қилиш учун кассага келишларига ҳожат қолмайди. Тўғридан-тўғри онлайн рўйхатдан ўтказиш имконияти яратилади.
2018 йил август ойидан бошлаб, Тошкент марказий вокзалидаги чиптахонада, сайёҳлик агентликларига пул ўтказмалари орқали чипта сотиб олишлари учун алоҳида касса ишга тушган. Ушбу касса орқали ўтган йилнинг ўзида 250 дан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида эса 150 дан ортиқ сайёҳлик фирма ва компаниялари билан шартномалар тузилиб, ҳамкорлик қилинмоқда.
Шунингдек, акционерлик жамияти томонидан сайёҳларга, умуман жамоа бўлиб йўлга чиққан йўловчиларга сифатли транспорт хизматини йўлга қўйиш мақсадида, 10 га яқин замонавий автобус, микроавтобуслар каби транспорт воситалари харид қилинган. Келгусида худди шундай фаолият турини янада ривожлантириш мақсадида вокзаллар худудида такси хизматини ҳам йўлга қўйиш кўзда тутилган. Бу ҳам келажакда йўловчилар талабини кўпроқ қондириш, сайёҳларга сифатли транспорт хизматлари кўрсатишда қўшимча қулайлик ҳамда мавжуд камчиликларни бартараф қилишга замин яратади.
Реклама ҳуқуқи асосида