Аниқланишича, «MEGA AZIYA COAL AND QUARTZ» масъулияти чекланган жамияти мансабдор шахслари фақат геологик ўрганиш ҳуқуқини берувчи рухсатномага эга бўлган. Бироқ улар ушбу рухсатномадан ўзбошимчалик билан фойдаланиб, Зармас кўмир конидан кўмир қазиб олиш ва уни сотиш билан шуғулланган.
ИИВ тезкор-қидирув департаменти ҳамда Қашқадарё вилояти ИИБ тезкор-қидирув хизмати ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда корхона ишчиларидан бири қўлга олинган. У 500 тонна ноқонуний қазиб олинган кўмирни харидорга 350 миллион сўмга сотишга келишиб, шундан 50 миллион сўмини олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Шунингдек, кўмир конига йўл қуриш баҳонасида муҳофаза этиладиган давлат ўрмон хўжалиги ҳудудида 24 туп ноёб Зарафшон арчаси, 9 туп учқат дарахти ва 3 мингга яқин бута илдизи билан қўпориб ташланган. Бунинг оқибатида табиатга 480 миллион сўмдан ортиқ зарар етказилган.
Мазкур ҳолат юзасидан корхона раҳбари ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 229-моддаси ҳамда 198-моддаси учинчи қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.




