Спорт | 15:12 / 27.07.2019
11620
2 дақиқада ўқилади

Дзюдо: Шарофиддин Лутфуллаев Загреб Гран-присида олтин медални қўлга киритди

Фото: Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати

Хорватиянинг Загреб шаҳрида ўтказилаётган дзюдо бўйича Гран-при туркумига кирувчи нуфузли турнирнинг навбатдаги баҳсларида 5 нафар ўзбекистонлик спортчи иштирок этди. Бу ҳақда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Терма жамоамизга ушбу мусобақадаги дастлабки медални - 60 кг вазн тоифасидаги баҳсларда иштирок этган Шарофиддин Лутфуллаев тақдим этди. Мусобақадаги иштирокини тўғридан-тўғри иккинчи босқичдан бошлаб, дастлаб Словения, Туркманистон ва қозоғистонлик спортчиларни доғда қолдирган Шарофиддин ярим финал баҳсида мўғулистонлик рақиби Ариунболд Энхтайванни икки дақиқада иппон, соф ғалаба эвазига мағлубиятга учратди.

Ҳал қилувчи баҳсда британиялик Эшли Маккензини ҳам иппон баҳоси билан мағлуб этган юртдошимиз мусобақанинг олтин медалини ва Токио Олимпиадаси учун қимматли рейтинг очколарини қўлга киритди.

Фото: Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати

Баҳсларда яна бир медалга энг яқин келган спортчимиз Муҳриддин Тиловов (- 66 кг) бўлди. Дастлаб Португалия, Того, Украина ва Италия вакилларидан устун келган Тиловов финал йўлланмаси учун баҳсда испаниялик Альберто Мартин Гайтерога ютқазиб қўйди. Учинчи ўрин учун кечган баҳсда ҳам спортчимизга бироз омад етишмади. Франциялик Килиан де Блоучга имкониятни бой бериб қўйган вакилимиз бешинчи ўрин билан чекланди. Ушбу вазнда олтин медаль ярим финалда спортчимиз устун келган испаниялик Альберто Мартин Гайтерога насиб этди.

Дзюдочиларимиздан Диёра Келдиёрова (- 52 кг), Артём Штурбабин (- 66 кг) ва Диёрбек Ўрозбоев (-60 кг) мусобақани саралаш баҳсларидаёқ якунлашга мажбур бўлишди.

Мавзуга оид