Молия вазири Жамшид Қўчқоров ёқилғи, табиий газ ва электр энергияси нархлари ошишини изоҳларкан, “президентга бу лойиҳани олиб кирганимизда давлат раҳбари оширмаслик чоралари, қўшимча захиралар бор-йўқлиги билан қизиқди. Режага кўра электр энергияси нархи 480 сўм бўлиши керак эди. Аммо президент бунга йўл қўймади”, - деди.
Эслатиб ўтамиз, ҳозирги кунда аҳолига 250 сўмдан тақдим этиб келинаётган электр энергияси учун жорий йилнинг 15 августидан бошлаб қуйидаги нархлар белгиланди:
I – IV гуруҳдаги истеъмолчилар учун электр энергияси нархи (кВт-соат)
1.1. I ва II гуруҳ истеъмолчилари учун — 450 сўм (250 сўм эди);
1.2. III гуруҳ истеъмолчилари учун, жумладан аҳоли учун — 295 сўм (125 сўм эди);
IV гуруҳ истеъмолчилари учун — 450 сўм (350 сўм эди);
Президентнинг 2017 йил 8 ноябрдаги ПҚ-3379 сонли қарори билан тасдиқланган рўйхат бўйича маҳсулот ишлаб чиқарувчи ва алоҳида хизматлар кўрсатувчи истеъмолчилар учун — 450 сўм (365 сўм эди).
Шу билан бирга, ижтимоий лимит қисқартирилаётганига тўхталиб: “аслида республиканинг ўртача хонадони 80-120 кв/соат атрофида электр энергияси ишлатади. Биз ижтимоий лимитни 300 кв/соатдан 250 кв/соатга туширмоқчимиз. Нимага? Сабаби, аслида 300 кв/соат ишлатадиган одамнинг ижтимоий жиҳатдан қўллаб қувватлашга эҳтиёжи йўқ”- деди молия вазири.











