2027 йил 1 январдан ичимлик ва оқова сув хизматларидан қарздорларга электр энергияси учун тўлов қилиш чекланади, деб маълум қилди “Ўзсувтаъминот” АЖ раисининг биринчи ўринбосари Ислом Абдуллаев 30 октябр куни ўтказилган матбуот анжуманида.
“Агар тўловлар амалга оширилмаса, қарздорлик вужудга келса, огоҳлантирилиб, тўлов қилишга беш кун муддат берилади. Шунда ҳам қарздорлик бартараф этилмаса, амалдаги тартибда хизмат кўрсатиш чекланади ва қарздорликни ундириш бўйича амалий чоралар кўрилади”, деди Абдуллаев.
Билдирилишича, огоҳлантиришдан сўнг қарздорлик бартараф этилмаса, қарздорликни ундириш масаласи қарздор ихтиёрига қараб, нотариал ёки суд тартибида ҳал этилади.
“Бунда қарздорлик базавий ҳисоблаш миқдорининг минг бараваригача бўлса нотариус орқали, минг баравардан юқори қийматни суд орқали ундириш чораси кўрилади. Шундан сўнг ижро ҳужжатлари расмийлаштирилиб, мажбурий ижро бюросига юборилади”, деди Ислом Абдуллаев.
Агар бунда ҳам белгиланган мажбурият бажарилмаса, истеъмолчига электр энергияси учун тўловларни амалга ошириш имконияти чекланади.
Мазкур тартиб 2027 йил 1 январдан амал қила бошлайди ва ижтимоий реестрга киритилган оилаларга нисбатан қўлланилмайди.













