21 сентябр куни соат 11:18да юк автомобили чиқинди тўкиш мақсадида кузовини кўтарганда Қашқадарё вилоятидан Самарқанд вилоятига электр энергияси узатиладиган 500 кВ кучланишли «Л-527» электр узатиш тармоғига тегиб кетган. Натижада ушбу тармоқ авариявий ўчган.

Энергетика вазирлигининг хабар беришича, мазкур тармоқ ягона 500 кВли электр узатиш тизими занжирининг бир қисми ҳисобланиб, унинг ўчиши Бухоро вилоятидаги шамол электр станцияларининг ишлаб чиқариш қувватига ҳам таъсир кўрсатган — натижада ушбу шамол станцияларнинг ишлаб чиқариш ҳажми 270 МВтга камайган.

Энергетика тизимидаги аварияга қарши ҳимоя тизимлари ўз вақтида ишга тушиб, йирик носозликларнинг олди олинган, захира қувватлар ҳисобига ушбу авария истеъмолчиларнинг электр таъминотига ҳеч қандай таъсир кўрсатмаган.

Энергетиклар томонидан зарур чоралар кўрилиб, носозлик соат 11:37да бартараф этилган ва электр узатиш тармоғи қайта ишга туширилган.

Энергетиклар воқеа жойига етиб борганда, автомобил ҳайдовчиси воқеа жойида бўлмаган.

Ҳодиса юзасидан юк автомобили ҳайдовчисининг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш учун тегишли ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилган.