Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 25 мартдаги 244-сонли қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасига хориждан ишчи кучини жалб қилиш ва ундан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Таъкидлаш жоизки, Вазирлар Маҳкамасининг мазкур қарори малакали чет эллик мутахассислар томонидан меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун қулай шароитлар яратиш, Ўзбекистон Республикасининг инвестициявий жозибадорлигини ошириш ва уни мутлақо янги поғонага кўтариш ҳамда рақобатбардош меҳнат ресурсларини жалб қилишни рағбатлантириш мақсадида қабул қилинган.

Мазкур низом республикага хориждан ишчи кучини жалб қилиш учун рухсатномалар бериш (узайтириш), шунингдек, чет эл фуқароларига Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берадиган тасдиқномаларни бериш (узайтириш) шартлари ва тартибини белгилайди.

Бироқ, низомда бир бирига қарама-қарши қоидалар мавжудлиги иш берувчилар томонидан хорижлик мутахассисларни жалб қилишда айрим саволларни келтириб чиқармоқда.

Жумладан, низомнинг 2-бандига кўра, ушбу низом қоидалари Президент мактаблари, шунингдек, олий таълим муассасаларида ишлаш учун жалб этиладиган чет эл фуқаролари бўлган ўқитувчилар ва мутахассисларга татбиқ этилмаслиги белгиланган.

Бундан шуни тушуниш мумкинки, Президент мактаблари ва олий таълим муассасалари хориждан ишчи кучини жалб қилиш ҳуқуқини берувчи рухсатнома ёки чет эл фуқаросига Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи тасдиқнома олмасдан хориждан ишчи кучини жалб этишга йўл қўйилади.

Бироқ, низомнинг 38-бандида унинг 2-бандига зид келадиган Президент мактаблари ва олий ўқув юртларида ишлашга жалб этилаётган ўқитувчилар ва мутахассисларга тасдиқнома бериш учун энг кам иш ҳақининг бир баравари миқдорида йиғим ундирилиши ҳақида қоида белгиланган.

Бундан ташқари, низомнинг 44-бандида Президент мактаблари ва олий ўқув юртларида ишлашга жалб этилаётган ўқитувчилар ва мутахассисларга бериладиган тасдиқномаларнинг амал қилиш муддатига оид қоидалар ифодаланган.

Масаланинг айнан ушбу жиҳати бугунги кунда, айниқса олий таълим муассасалари ҳисобланган иш берувчиларнинг савол ва эътирозларига сабаб бўлмоқда. Тез орада илк дарс жараёнларига старт бериладиган Президент мактабларида ҳам шу каби саволлар пайдо бўлиб қолса ажаб эмас.