12 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларнинг экспорт салоҳиятини ошириш, улардан самарали фойдаланиш, инвестицияларни, аввало, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва ўзлаштириш, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш кўламини кенгайтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Унда президент кўплаб масалаларга тўхталди.
Давлат раҳбарининг таъкидлашича, энди вилоят ҳокимларида маҳаллийлаштириш ва импорт назорати бўйича янги ёрдамчи пайдо бўлади. Улар вилоятдаги импортни назорат қилади ва маҳаллийлаштириш билан шуғулланади.
«Вилоят ҳокимларида янги ёрдамчи пайдо бўлади. У маҳаллийлаштириш ва импорт назорати билан шуғулланади. Биз импортни камайтирмас эканмиз, иқтисодни ривожлантира олмаймиз. У вилоятга қандай маҳсулотлар кираётганини текширади ва шунга қараб режа ишлаб чиқади. Мен кадрлар бўлимига тайинлайман, бу лавозимга иқтисодни тушунадиган ақлли одамларни тавсия қилади», — деб президентнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.














