Ўзбекистон | 18:50 / 23.08.2019
3006
2 дақиқада ўқилади

24 август куни Ўзбекистон бўйлаб йирик оммавий саломатлик тадбирлари ташкил этилади

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 24 август куни мамлакат бўйлаб йирик оммавий саломатлик тадбирлари ташкил этилиши тўғрисида маълум қилди.

«Ўзбекистонда соғлом турмуш тарзи тарғиботига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентнинг ўтган йил 18 декабрдаги «Юқумли бўлмаган касалликларнинг профилактикасини, соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва аҳолининг жисмоний фаоллиги даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ушбу саъй-ҳаракатларни янги босқичга олиб чиқиш имконини бермоқда.

Шундан келиб чиққан ҳолда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Хотин-қизлар қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Миллий телерадиокомпания ҳамкорлигида жорий йил 24 август, якшанба куни Мустақиллигимизнинг 28 йиллиги муносабати билан «Биз соғлом турмуш тарафдоримиз» шиори остида оммавий юриш тадбирлари ташкил этилмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги юртдошларимизни пойтахтимиз ва ҳудудларда ташкил этилаётган йирик оммавий юриш тадбирларига таклиф этади.

Соғлом ва чиройли ҳаёт кечириш учун қандай ҳолатда ҳам жисмоний фаолликка вақт ажратиб туришни унутманг!», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлимининг телеграмдаги канали хабарида.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид