Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев номига хорижий давлатлар ва ҳукуматлар, халқаро ташкилотлар раҳбарлари ва жамоат арбобларидан мамлакат мустақиллигининг йигирма саккиз йиллиги муносабати билан қутловлар келмоқда. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

Ҳиндистон Республикаси бош вазири Нарендра Моди шундай ёзади:

“Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 28 йиллиги муносабати билан Сиз Жаноби Олийларига ва бутун Ўзбекистон халқига қизғин табрикларим ва саломларимни йўллашдан бағоят мамнунман.

Ҳиндистон ва Ўзбекистон ўртасидаги стратегик шериклик муносабатлари йил сайин мустаҳкамланиб бормоқда. Сиз Жаноби Олийларининг жорий йил январь ойида Гужарат штатига ва ундан аввал Ҳиндистонга амалга оширган ташрифларингиз икки томонлама муносабатлар ривожини янги босқичга кўтарди. Ишончим комилки, стратегик муносабатларимиз яқин йилларда янада ривожланади ва бунданда кенг қамровга эга бўлади.

Фурсатдан фойдаланиб, Сиз Жаноби Олийларига мустаҳкам соғлик, фаровонлик, дўст Ўзбекистон халқига эса тинчлик ва бардавом тараққиёт тилайман.”.

Покистон Ислом Республикаси президенти Ориф Алвий:

“Ўзбекистон Республикасининг Мустақиллик куни муносабати билан Сизга қизғин табрикларимни йўллаш менга катта мамнуният бағишлайди.

Покистон ва Ўзбекистонни умумий дин, мустаҳкам тарихий ва маданий муштаракликка асосланган самимий ва ишончли муносабатлар боғлаб туради. Покистон ўзаро манфаатли соҳаларда алоқаларимизни бундан буён ҳам кенгайтиришдан манфаатдор. Аминманки, ҳамкорлигимиз келгусида ҳам халқларимиз манфаатлари йўлида мустаҳкамланиб бораверади.

Фурсатдан фойдаланиб, Сиз Жаноби Олийларига сиҳат- саломатлик ва бахт-саодат, биродар Ўзбекистон халқига эса бардавом равнақ ва фаровонлик тилайман.”.

Покистон Ислом Республикаси бош вазири Имрон Хон:

“Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 28 йиллиги муносабати билан Покистон Ҳукумати, халқи ва шахсан ўз номимдан Сизга, Жаноби Олийлари, Ўзбекистон Ҳукумати ва халқини чин юракдан муборакбод этиш менга катта мамнуният бахш этади.

Муштарак маданий ва тарихий илдизга эга икки томонлама муносабатларимиз ўтган йиллар давомида мустаҳкам биродарлик алоқаларига айланди. Покистон ушбу дўстона ҳамкорлик кўламини янада кенгайтиришдан манфаатдор. Биз, шунингдек, икки мамлакат раҳбарлари ўртасидаги ўзаро ишонч ва ҳамфикрликни юқори қадрлаймиз.