18:24 / 17.09.2019
0
13215

Жалгасбай Бердимуратов бронза олди, Элмурат Тасмуратов медалсиз қолди

Нур-Султон шаҳрида спорт курашлари бўйича жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоасининг яна бир вакили медал олди.

-77 килограмм вазн тоифасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган Жалгасбай Бердимуратов бронза медали учун мусобақа мезбонларидан бири Асхат Дилмуҳаммедовга қарши баҳс олиб борди.

Кескин ва муросасиз кечган беллашувда Ўзбекистон вакили 3:1 ҳисобида ғалаба қозонди ва бронза медали билан тақдирланди.

Ўзбекистон терма жамоасининг -60 кг вазн тоифасидаги вакили Элмурат Тасмуратов эса эронлик Али Ризо Нежатийга 5:7 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди.

Ўзбекистон аёллар жамоасининг бугунги баҳсларда қатнашган уч нафар вакили ҳам муваффақиятсизликка учради. Даулетбике Яхшимуратова (-50 кг) саралаш босқичида молдовалик Эмилия Будеануни мағлуб этди (9:6), аммо кейинги босқичда украиналик Оксана Лавачга ютқазди.

Актенге Кеунимжаева (-53 кг) илк босқичда кубалик рақибига, Севара Эшмуратова (-55 кг) эса германиялик спортчига имкониятни бой берди. Бу спортчиларни енгган рақиблар ҳам финалгача етиб бора олмади ва Ўзбекистон вакилларида бронза медал учун курашиш имконияти юзага келмади.

Эслатиб ўтамиз, бунгача Нур-Султондаги жаҳон чемпионатида ўзбекистонлик курашчилардан икки нафари медал олганди, -72 килограмм вазн тоифасидаги Арам Варданян кумуш, -87 килограмм вазн тоифасидаги Рустам Ассакалов бронза медал билан тақдирланган.

Бундан аввалроқ, Бердимуратов ва Тасмуратов Токио Олимпиадасининг йўлланмасини қўлга киритгани хабар қилинганди.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top