Ўзбекистон фуқаролик жамиятига асосланган демократия қуришни асосий мақсадга айлантирди. Бунда ҳукумат олдига бир неча муҳим вазифа қўйилди. Шулардан бири ёш авлодни ҳар томонлама мукаммал билимга эга қилиб тарбиялаш ҳисобланади. Ушбу вазифаларни бажариш учун Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 20 февралдаги «Президент мактабларини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорига асосан президент мактаблари лойиҳаси йўлга қўйилди. Янги ташкил этилаётган президент мактаблари юртимизда таълим сифати ва самарасини ошириш бўйича локомотивга айланиши белгилаб олинди.

Бу лойиҳа мамлакатимизда иқтидорли ёшларни ўқитиш тизимини яратиш ҳамда келгусида уларда раҳбарлик ва етакчилик кўникмаларини шакллантиришга қаратилган.

Илк президент мактаби Тошкент шаҳрида иш бошлади. Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати маълумотига кўра, айни пайтда Наманган, Нукус ва Хивада президент мактабларини қуриш ва жиҳозлаш ишлари якунланмоқда.

Президент мактаблари дастлаб чекланган миқдорда ташкил этилиши ушбу муассасаларни бошқариш учун мутлақо янги моделни синаб кўриш зарурати билан боғлиқ. Синовдан сўнг, президент мактабларини 2020 йилда Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Самарқанд ва Фарғона вилоятларида, 2021 йилда Aндижон, Навоий, Сурхондарё, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида ҳам қуриш режалаштирилган.

Президент мактабига кириш имтиҳонлари қандай ўтди?

Жорий йилда кириш имтиҳонлари Наманган, Нукус, Хива ва Тошкентда икки босқичда бўлиб ўтди. Дастлаб, саралаш имтиҳонларида қатнашиш учун 28 452 нафар номзод рўйхатга олинди. Шундан 27 471 нафари имтиҳонда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлди. 27119 нафар номзод эса саралаш имтиҳонларида иштирок этди.

Саралаш босқичи имтиҳони натижаларига кўра, 12 мингга яқин ўқувчи асосий имтиҳонларда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди. Aсосий имтиҳонларда битта ўринга даъвогарлар сони 20 кишини ташкил қилди. Имтиҳон натижаларига кўра, мактабга 144 нафар ўқувчи қабул қилинди (ҳар бир синфда 24 ўқувчи).

Президент мактабларида асосий ва дастлабки синовлар «Cambridge Assessment International Education» мутахассислари томонидан ўтказилди.