Россиянинг Екатеринбург шаҳри мезбонлик қилган бокс бўйича жаҳон чемпионати якунига етди.
Кечанинг энг асосий жанги энг оғир вазн тоифасида (+91 кг) финалга чиққан ўзбекистонлик Баҳодир Жалолов ва қозоғистонлик Қамшибек Қонқабаев ўртасида кечди.
Жанг якунида ҳакамлар бир овоздан ўзбекистонлик боксчи ғалабасини эълон қилишди ва Жалолов жаҳон чемпионатларидаги илк олтин медалини қўлга киритди.
Бундан ташқари, Жалолов ўзининг азалий рақиби билан ўзаро ҳисоб-китоб бўйича олдинга чиқиб олди. Бунгача мазкур боксчилар ўзаро 4 марта тўқнаш келишган ва ҳисоб 2:2 кўринишида турган эди.



Баҳодир Жалолов турнирдаги иштирокини нимчорак финалда бошлаган ва дастлабки жангда украиналик Цонте Рогавани мағлуб этганди. У чорак финалда америкалик Ричард Торресни нокаутга учратди, ярим финалда россиялик Максим Бабанинга имконият қолдирмасдан финалга чиққанди.
Мусобақада жаҳоннинг 79 мамлакатидан 362 нафар спортчи совринли ўринлар учун кураш олиб борди. Улар қаторида ўзбекистонлик чарм қўлқоп усталари ҳам 8та вазн тоифасида баҳсларда иштирок этишди. Ўзбекистон терма жамоаси сафида Шаҳобиддин Зоиров (-52 кг), Миразизбек Мирзахалилов (-57 кг) ва Баҳодир Жалолов (+91 кг) олтин медални қўлга киритди. Дилшодбек Рўзметов (-81 кг) финалгача етиб борди ва кумуш медалга сазовор бўлди. Бобоусмон Батуров (-69 кг) эса бронза медали билан кифояланди.
Шу тариқа, Ўзбекистон бокс терма жамоаси турнирда 3та олтин, битта кумуш ва битта бронза медал олиб, турнирни биринчи ўринда якунлади.







