Жамият | 11:01 / 22.10.2019
46024
3 дақиқада ўқилади

10-11-синфлар учун янги фан жорий этилиши мумкин

Фото: ЎзА

Умумий ўрта таълим мактабларининг 10-11-синфлари учун “Тиббий билим асослари” фани жорий этилиши мумкин. Бу ҳақдаги тегишли петиция “Менинг фикрим” жамоавий мурожаатлар порталида жойлаштирилди.

“Аҳолини тиббий билим ва маданиятини ошириш энг долзарб масалалардан биридир. Соғлом юрт вакиллари давлатни қудратли қилади. Аҳолимиз тиббий маданияти кун сайин ортиб бормоқда. Лекин шунга қарамай ҳанузгача баъзи жойларда аҳолимизнинг тиббиёт соҳасига оид билимлари етарлича эмаслиги кўзга ташланмоқда (гарчи бу борада кўп ишлар қилинаётганлигига қарамасдан)”, - деб ёзади мурожаат муаллифи. 

Қайд этилишича, касалликларни келиб чиқиш сабаблари ва уларнинг профилактикаси, оқибатлари, керак бўлганда беморга тез тиббий ёрдам ходимлари етиб келгунча бўлган вақтда ёки стационаргача бўлган даврда зарурий тиббий ёрдам кўрсата олишни ҳар бир фуқаро билиши зарур. 

“Касалликларнинг сабаби ва оқибатларини билган инсон шу касалликнинг келиб чиқмаслиги учун доимий ҳаракатда бўлади (оиласи ва ўзи учун соғлом турмуш тарзини яратади, гигиеник зарарланишдан сақланади, зарарли одатларга берилмайди). Бу эса турмуш тарзини яхшилаб, ўртача умр кўриш ёшини оширади. Тасаввур қилинг, ҳозирда тез тиббий ёрдам ходимлари чақирув жойига етиб боргунларича, 40 даража ҳароратдаги беморга онаси ёки бошқа яқинлари томонидан юқори ҳароратни пасайтирувчи дорилар тугул, ҳаттоки бемор баданини нам мато билан ҳам артиб қўйиш ёки уйда хафақон касаллигига чалинган беморни артериал босимини ўлчаш ва беморга ҳолатдан келиб чиқиб шифокор буюрган зарурий препаратларни ичириш борасида ҳам озроқ тиббий билим зарур бўлади”, - дейилади петицияда. 

Билдирилишича, нафаси қисаётган, автоҳалокатга учраган ёки жароҳат олган беморга қандай бирламчи ёрдам кўрсатишни кўпчилик билмайди. Бу ҳолатларда тиббий билимга эга бўлмаслик, ёрдам кўрсатишдан қўрқиш ёки нотўғри ҳаракат қилиш беморларда қатор асоратларга сабаб бўлиши мумкин. Ҳеч бўлмаганда тиббий билимга эга бўлган ёш оила вакиллари ўз оиласи ва фарзандлари соғлигига жиддий эътибор берган бўлар эди.

“Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда мактабларнинг 10-11 синф ўқувчилари учун “Тиббий билим асослари” фанини жорий этишни таклиф қиламан. Бу фан қолган асосий фанлар қаторида дарс соатларига киритилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди”, - дея якунланган мурожаат.

Мавзуга оид