30та хусусий бандлик агентлиги бирорта ҳам фуқарони хорижга ишга юбормаган
Ўзбекистонда хусусий бандлик агентликларининг 30таси томонидан бирорта ҳам фуқаро шу кунга қадар хорижий давлатларга ишга юборилмаган. Бу ҳақда 2019 йил 25 октябрь куни парламент Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси билан ҳамкорликда ташкил этилган “Ўзбекистонда миграция жараёнлари: муаммо ва ечимлар” мавзусида ўтказилган давра суҳбатида айтиб ўтилди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабарига кўра, “Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида”ги Қонун асосида 88 та юридик шахс Хусусий бандлик агентлиги сифатида Меҳнат вазирлиги реестрида рўйхатдан ўтказилган. Улардан 65 тасига фуқароларни хорижда ишга жойлаштириш фаолияти билан шуғулланиш учун лицензия берилган бўлиб, бугунги кунда уларнинг 59 таси ўз фаолиятини юритмоқда.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан юридик шахсларнинг реестрини шакллантириш 1 кунлик қисқа муддатда, лицензия бериш 3-5 кунда амалга оширилмоқда. Жорий йилнинг ўтган даври давомида Хусусий бандлик агентликлари томонидан 1655 нафар фуқаро чет элда, 77 нафар фуқаро республикамиз ҳудудида ишга жойлаштирилди, 33 838 нафар фуқарога маслаҳат ва ахборот хизмати кўрсатилди.
Шу билан бирга, ўтган вақт давомида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тизимидаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига ва бошқа масъул идораларга айрим хусусий бандлик агентликлари фаолияти устидан кўплаб фуқароларнинг салбий мурожаатлари келиб тушгани қайд этилди.
Депутатлар, айниқса, Ўзбекистон Республикасидан ташқарида иш қидираётган шахсларни ишга жойлаштириш мақсадида лицензияга эга бўлган 65 та хусусий бандлик агентликларидан 30 таси томонидан бирорта ҳам фуқаро шу кунга қадар хорижий давлатларга ишга юборилмаганини танқид қилдилар.
Муҳокамалар чоғида кўтарилган масалалар – соҳадаги муаммолар илдизини чуқур ўрганиш, уларни бартараф этиш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш юзасидан таклиф ва тавсиялар билдирилди. Депутатлар соҳадаги муаммоларга ечим топиш, айниқса, хусусий бандлик агентликлари фаолиятини такомиллаштириш масаласида парламент назоратини кучайтириш лозимлигига эътибор қаратдилар.
Мавзуга оид
14:13 / 21.11.2024
Акмал Саидов Шавкат Мирзиёевга: “Янги Ўзбекистон парламентининг меъмори ким дейишса, сизни айтардим”
17:59 / 20.11.2024
Президент норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари жамоатчилик билан муҳокама қилинмаётганига эътироз билдирди
11:07 / 20.11.2024
Президент халқнинг талаб ва эҳтиёжлари тобора ўсиб бораётган соҳаларни маълум қилди
10:57 / 20.11.2024