2021 йилда қабул қилинган президент фармонида депутатлар ва сенаторларнинг ҳар бир қонун лойиҳасига қандай овоз берганини очиқлаш кўзда тутилган эди. Лекин Олий Мажлиснинг иккала палатаси ҳам бу маълумотларни очиқламай келмоқда. Қонунчилик палатаси қўмита раиси Бобур Бекмуродовнинг айтишича, янги чақириқдаги парламент “анча очиқ ва лойиҳаларни халқ билан муҳокама қиладиган” бўлади.

2 декабр куни Тошкентда бошланган фуқаролик жамияти ҳафталиги доирасида Kun.uz мухбири билан суҳбатда бўлган Қонунчилик палатаси қўмита раиси, “Юксалиш” ҳаракати етакчиси Бобур Бекмуродов янги парламентдаги очиқлик масалаларига тўхталиб ўтди.

Қонунчилик палатасининг ўтган чақириқдаги фаолиятида мустақил ОАВлар унчалик очиқликни сезмади. Масалан, қуйи палата мажлисларини жонли эфирга чиқиши учун анча курашилди. Ёки ҳар бир қонун бўйича депутатларнинг қайси бири қандай овоз берганини аниқлаш имконсиз бўлиб қолмоқда. Қонунчилик палатаси мажлисларига мустақил ОАВ вакиллари киритилмаяпти. Спикер ҳам мустақил ОАВга бирор марта интервю бермади. Бу чақириқда халқ вакиллари қанчалик очиқ бўлади, деб ўйлайсиз?

— Бу саволларга фикр билдиришим мумкин, лекин жавоб беришга ваколатли эмасман. Президентнинг фармони билан ялпи мажлисларни тўғридан тўғри эфирга узатиш ўтган чақириқдан бошлаб йўлга қўйилди. Бюджет муҳокамаси бўладими, жамоатчилик учун муҳим турли қонунлар бўладими, сайт ва YouTube тармоғида тўғридан тўғри эфирга узатилиши Ўзбекистон парламентаризми учун жудаям катта ютуқ, деб биламан.

Албатта, келгусида янада очиқлик ҳақида ўйлашимиз керак. Президентимиз ҳам айтиб ўтдилар, янги ғояларни илгари сурдилар. Масалан, ҳар бир қўмитанинг ҳузурида фуқаролик жамияти институтлари вакилларидан иборат жамоатчилик кенгаши ташкил этилиши. Мана бу ҳам жуда зўр механизм бўла олади. Масалан, қўмита раиси сифатида айта оламанки, жамоатчилик кенгашига ОАВ вакилларини, мустақил журналистларни ҳам албатта таклиф этамиз. Чунки уларнинг қонунларга ўз фикрини бериши, қонун ижодкорлиги жараёнида иштирок этиши жуда яхши механизм бўлади.

Қайси депутат нимага, қандай овоз бергани [очиқ] бўлиши керак, бу нарса ниҳоятда муҳим деб биламан. Бу масалада сиз билан хайрихоҳман.

Кўп ҳолларда жамоатчилик қонунларнинг тўлиқ матни билан, фақат у имзоланганидан кейин хабардор бўлади. Нима учун Қонунчилик палатаси ўзи қабул қилиб, Сенатга юборган лойиҳаларни расмий сайтида тўлиқ эълон қилмайди?