Ўзбекистон | 10:53 / 01.11.2019
6093
2 дақиқада ўқилади

Божхона қўмитаси фаолиятида аниқланган камчиликлар айтилди

Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати

2019 йил 31 октябрь куни Олий Мажлис Сенати Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Давлат божхона қўмитаси томонидан 2019 йилнинг 9 ойида амалга оширилган ишлар натижалари бўйича ҳисобот эшитилди.

Давлат божхона қўмитасининг жорий йил тўққиз ойи давридаги фаолияти сенаторлар муҳокамасининг масаласи бўлди. Хусусан, ушбу тузилмага 2019 йилда мақсадли вазифаларни бажариш юклатилган бўлиб, шундан 22 тасининг муддати 2019 йилнинг I-III чораклари этиб белгиланган. Уларнинг аксарияти амалга оширилган бўлса-да, белгиланган вазифалардан 2 таси якунига етказилмаганлиги аниқланди.

Жумладан, жорий йилнинг III чорагида “Яллама” божхона пости ҳудудига туташ жойда “ягона дарча” тамойили асосида фаолият олиб борадиган замонавий божхона терминалини қуриш ишларини бошлаш вазифаси белгиланган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли Фармони билан тасдиқланган тармоқ жадвалига мувофиқ 2019-2020 йилларда “Яллама” божхона постига туташ ҳудудларда божхона терминали қуриш учун “Euroasia Transportation and Logistics Company” МЧЖ ХК Тошкент вилояти ҳокимлиги томонидан шартли равишда потенциал инвестор деб топилган ва божхона постига туташ ҳудудларда божхона терминали қуриш учун ер участкаси ажратилган. Сентябрь ойида Давлат божхона қўмитасида инвесторлар билан учрашув ўтказилиб, амалга оширилиши лозим бўлган ишлар белгилаб олинган бўлса-да, терминални қуриш ишлари бошланмаган.

Шунингдек, божхона юк декларацияларини божхонада расмийлаштириш вақтини 3 кундан 1 кунга қисқартириш лозимлиги белгиланган. Бироқ бу масалага доир норматив-ҳуқуқий ҳужжат бугунги кунга қадар қабул қилинмаган.

Шу билан бир қаторда, мажлисда Давлат божхона қўмитаси фаолиятида аниқланган камчиликлар атрофлича таҳлил қилиниб, уларни бартараф этиш юзасидан тавсиялар билдирилди.

Мажлисда кўриб чиқилган масалалар юзасидан Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитасининг тегишли қарори қабул қилинди.

Мавзуга оид