Божхона қўмитаси Тошкент халқаро аэропортида мобил қурилмаларни расмийлаштириш вақтинча тўхтатилиб, кейин яна тиклангани юзасидан матбуот анжумани ўтказди.
Анжуманда Kun.uz мухбири IMEI билан боғлиқ айрим қоидабузарликлар сабаб нима учун аэропортда телефонларни расмийлаштириш умумий тартибда тўхтатиб қўйилганини сўради. Саволда қонуний олиб кирилаётган телефонларни шубҳали ҳолатлардан ажратиш имконияти, шунингдек, кечикиш оқибатида фуқаролар ва тадбиркорлар кўриши мумкин бўлган зарарни ким қоплаши масаласи ҳам кўтарилди.
Қўмита бошқарма бошлиғи Фарҳод Олимжонов ўз жавобида Божхона кодексининг 202-моддасига таянди. Унинг тушунтиришича, божхона назоратида мутахассис хулосасига эҳтиёж туғилгани сабаб расмийлаштирув ушлаб турилган. 202-моддада божхона назорати пайтида махсус билим ва кўникмага эга, манфаатдор бўлмаган мутахассис ёки экспертни жалб қилиш мумкинлиги кўрсатилган.

Kun.uz мухбири телефонларни расмийлаштиришни умумий тартибда тўхтатиб туриш ваколати ва тартиби қаерда кўрсатилганини сўради. Қўмита вакиллари мутахассис жалб қилиш заруратини такрорлади. 202-модда мутахассис жалб этиш тартибини белгилайди. Анжуманда расмийлаштирувни тўхтатишга ваколат берувчи норма ёки шу ҳақдаги қарор кўрсатилмади. Эҳтимолий зарарни қоплаш ҳақидаги саволга ҳам аниқ жавоб берилмади.
Олимжонов тижорат юклари расмийлаштиришда давом этганини, аэропортда эса “хавфи юқори” деб баҳоланган қурилмалар вақтинча сақловга олинганини айтди. У қайси мезонлар асосида телефонлар шу тоифага киритилганини очиқламади.
IMEI кодининг ҳақиқийлигини ким аниқлайди?
Олимжоновнинг айтишича, Вазирлар Маҳкамасининг 778-сон қарорига мувофиқ, IMEI кодларини текшириш, таққослаш ва рўйхатга олиш — тизим оператори зиммасида. Божхона эса товарнинг тўлов миқдорига таъсир қиладиган хусусиятларини текширади.
Айрим номувофиқликларни божхона дастурининг ўзи кўрсатади. Анжуманда маълум қилинишича, йўловчи декларацияси тизими 2026 йил февралдан буён киритилган IMEI бўйича телефоннинг марка ва моделини чиқаради. Тижорат импортида бундай имконият 2025 йил ўрталарида пайдо бўлган. Кодга мос модел билан декларациядаги модел фарқ қилса, тизим инспекторни огоҳлантиради. Кодлар ҳақиқатан бир қурилмага тегишлими ёки улардан бири сохталаштирилганми, деган савол туғилса, божхонага UzIMEI мутахассиси кўмаклашади.

UzIMEI вакили Kun.uz’нинг бир телефон коди билан бошқа қурилмани қандай қилиб рўйхатдан ўтказиш мумкин бўлгани ҳақидаги саволига жавобан, қўмита билан ҳамкорликда янги схемаларни аниқлаш ва бартараф этиш устида иш олиб борилаётганини айтди.
Божхона вакиллари IMEI тизимини ноқонуний импортга қарши кураш ва хавфсизлик билан боғлади. Журналистлар эса тизим орқали нечта ўғирланган телефон блоклангани ва унинг самараси баҳоланган-баҳоланмаганини сўради. UzIMEI вакили Ички ишлар вазирлигидан сўров келганда қурилма блокланишини билдирди. Бундай сўровлар сони келтирилмади. “Холис таҳлили йўқ бизда”, — деди UzIMEI вакили.
Расмий iPhone импорти
Божхона қўмитаси маълумотига кўра, расмийлаштирилган iPhone’лар сони 2024 йилда 12 мингта, 2025 йилда 260 мингта бўлган. 2026 йилнинг дастлабки ўн ойида бу кўрсаткич 533 мингтага етган. Анжуманда матбуот учун тарқатилган релиздаги 452 минглик рақамга ҳам аниқлик киритилди, бу — божхона юк декларацияси орқали олиб кирилган iPhone’лар сони. 533 минглик жами кўрсаткичга йўловчилар олиб кирган ва божхона кирим ордери орқали расмийлаштирган қурилмалар ҳам қўшилган.
Қўмита яна бир кўрсаткични келтирди. UZIMEI’да юридик шахслар номига рўйхатдан ўтказилган қурилмалар улуши 2020 йилдаги 39 фоиздан 2025 йил якунида 91 фоизга етган. Қўмита бу ўсишни телефонларни рўйхатга олишда божхона декларацияси маълумотларидан фойдаланиш ва икки тизим ўртасида ахборот алмашинуви йўлга қўйилгани билан боғлади.
Анжуманда расмий импортчилар ҳам сўзга чиқди. Samsung Electronics Uzbekistan вакили UZIMEI’да рўйхатдан ўтишдан олдин божхонада декларациялаш талаби жорий этилгач, компаниянинг расмий импорти тахминан икки баравар ошганини айтди. Apple’нинг Ўзбекистондаги расмий дистрибютори ASBIS раҳбари эса норасмий каналлар орқали сотилган, аввал фаоллаштирилган айрим телефонлар кейинчалик блокланиши ёки улардаги SIM-карта слотларидан бири ишламаслиги мумкинлигини қайд этди.

Ноқулайликлар учун узр сўралди
Божхона қўмитаси раисининг матбуот котиби Ҳусан Тангриев телефонларни расмийлаштиришда юзага келган ноқулайликлар учун узр сўради. У вақтинчалик чорани божхона ходимлари кейинчалик телефонларни ноқонуний олиб киришга алоқадорликда айбланишининг олдини олиш билан изоҳлади.
“Албатта, уч кун давомида юзага келган ноқулайликлар учун биз барча юртдошларимиздан узр сўраймиз”, — деди у.
Анжуманда аэропорт божхонаси ходимлари сўроққа чақирилаётгани ҳақида ҳам савол берилди. Қўмита вакиллари текширув олиб борилаётганини тасдиқлади. Нечта ходим чақирилгани ва улар нимада гумонланаётганига аниқлик киритилмади.
IMEI’ни рўйхатдан ўтказиш йиғимини бекор қилиш мумкинми ва бу йиғимдан тушган маблағлар қаерга сарфланади, деган саволларга анжуманда батафсил жавоб берилмади. UzIMEI вакили техник масалалар бўйича жавоб беришини айтди. Ташкилотчилар тушумлар сарфи ҳақидаги саволни UzIMEI’нинг алоҳида матбуот анжуманида беришни таклиф қилди.

Янги йилдан божхона тўлови қандай ўзгаради?
Анжуманда жисмоний шахслар учун божхона тўлови ва UZIMEI’да рўйхатдан ўтиш йиғими муҳокама қилинди. Қўмита вакиллари аэропорт орқали шахсий эҳтиёж учун олиб кирилган товарларга божсиз меъёр татбиқ этилганда, ягона божхона тўлови меъёрдан ошган қисмга ҳисобланишини тушунтирди. Мисол учун, 1 000 долларлик меъёр қўлланадиган йўловчи 1 200 долларлик телефон олиб кирса, 30 фоизлик тўлов 200 доллардан ҳисобланади ва 60 долларни ташкил қилади.
Президент фармонига кўра, 2027 йил 1 январдан ягона божхона тўлови ставкаси 20 фоизга тушади (ҳар бир кг учун минимал тўлов эса 3 доллардан 2 долларгача пасаяди). Қўмита келтирган мисолда 200 долларлик фарққа 20 фоиз ставка қўлланса, тўлов 40 долларни ташкил қилади.
Жаҳон савдо ташкилоти музокараларида телефонлар учун нол ставка
Маълум қилинишича, Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши бўйича музокараларда мобил қурилмалар учун импорт божини нол фоиз даражасида белгилаш келишилган. Амалдаги бож ставкаси 5 фоиз бўлиб, бу ставка нолга тушганда ҳам ҚҚС (12 фоиз) сақланиб қолади. Фарҳод Олимжоновнинг ҳисобича, божнинг бекор қилиниши телефон нархини 5 фоиздан сал камроққа тушириши мумкин.
“Ўша келишувда мобил қурилмаларнинг ставкасини 0 фоиз миқдорида келишганмиз”, — деди у. Нол ставка кучга кирадиган аниқ сана айтилмади.
Анжуманда ЖСТга аъзолик ортидан IMEI йиғими пасайтирилиши ёки бекор қилиниши мумкинми, деган савол ҳам берилди. Олимжонов IMEI масаласи музокаралардан ўрин олмаганини билдирди.












